6 июлга ўтар кечаси Россия Киевга оммавий ҳаво зарбалари йўллади. Бу Украина пойтахтига охирги бир ҳафта ичидаги иккинчи йирик ҳужумдир.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 12 киши ҳалок бўлди, 50 дан ортиқ киши жароҳатланди. Киев мэри Виталий Кличко 7 июль кунини ҳалок бўлганлар хотирасига мотам куни деб эълон қилди.

Украина Ҳаво кучлари ҳисоботига кўра, Россия тун давомида Украина бўйлаб 68 та ракета, жумладан, 23 та баллистик ракета ва 351 та турли типидаги учувчисиз учиш аппаратларини учирган. Улардан 37 та ракета ва 326 та дрон уриб туширилган ёки зарарсизлантирилган.

«Зарбанинг асосий йўналиши Киев бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, 34 та локацияда 29 та баллистик ракета ва 18 та дрон келиб тушгани, шунингдек, 16 та локацияда қолдиқлар қулагани қайд этилган», — дейилади хабарда.

Украина Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Киевда 30 га яқин турар жой биноси шикастланган ёки вайрон бўлган. Подольск туманида турар жой биносининг бир қисми қулаб тушган, Дарница туманида эса ракета қолдиқлари 25 қаватли уйга келиб урилган.

Россия Мудофаа вазирлиги Украинага «юқори аниқликдаги қуроллар билан оммавий зарба» берганини тасдиқлади ва буни «Киев режимининг Россия ҳудудидаги террорчилик ҳужумларига жавоб» деб атади. Вазирликнинг таъкидлашича, ҳужумдан кўзланган мақсад Киев ва Киев вилоятидаги ҳарбий саноат корхоналари ҳамда ёнилғи-энергетика мажмуаси объектлари, шунингдек, Украинанинг бошқа ҳудудларидаги ҳарбий аэродромлар инфратузилмаси бўлган.