• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Бино маънан эскирган». Адабиёт музейи директори — муассаса тақдири ва экспонатлар ҳақида


Ёзувчи Шукур Жаббор Facebook`даги саҳифаси орқали Тошкентда жойлашган Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейини сақлаб қолишни сўраб, ўзбек зиёлилари номидан президентга мурожаат йўллади. У ўз постида музей ёпилгани, тарихий бинодан кўчирилаётгани ва ҳалигача янги бинога эга бўлмаганини баён қилди. Бу мурожаат тармоқларда музейдаги қўлёзмалар ва архив материалларининг тақдири ҳақидаги турли саволларни келтириб чиқарди.

Gazeta мухбири Миролим Исажонов Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида бўлиб, унинг директори — филология фанлари доктори Шаҳноза Назарова билан суҳбатлашди. У бинонинг тақдири, экспонатларнинг кўчирилиши ва музейни таъмирлаш жараёнлари ҳақида гапириб берди.

Музей тарихи: у ерда нималар сақланади?

Шаҳноза Назарованинг айтишича, музей жойлашган бино 1939 йилда қурилган. 1968 йилда Алишер Навоий таваллудининг юбилейи муносабати билан Навоий кўчаси ва Навоий метро бекатининг ёнида ташкил қилинган Навоий майдонига шоир ҳайкали ўрнатилган ҳамда Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи ташкил этилган.

Музейга академик Ҳамид Сулаймонга асос солган. Унинг ташаббуси билан энг ноёб қўлёзмалар йиғилган, хориждан қимматли манбалар олиб келинган ва машҳур рассомлар махсус картиналар яратган.

«Ўзбекистон ёшлар театрининг икки тарафида музей бинолари жойлашган. Бир томонда экспозиция қисми фаолият юритса, иккинчи тарафда илмий тадқиқотлар олиб борилади. Манбаларнинг қадимийлиги ва илмий йўналишининг кучлилиги сабабли олий тоифали музей ҳисобланади. Бундай музейлар бизда кўп эмас», — дейди у.

Назарованинг сўзларига кўра, музей жойлашган бино Маданий мерос агентлиги муҳофазасидаги тарихий объект саналади. Шу боис бинода энг кичик ўзгаришни амалга ошириш учун ҳам тегишли рухсат талаб этилади. «Битта ғиштни ҳам ўзбошимчалик билан кўчира олмаймиз. Дераза ромларини алмаштириш учун ҳам Маданий мерос агентлигидан рухсат олинади. Чунки бу — тарихий объект», — дея изоҳлади директор.

Унинг маълум қилишича, музей фондида XIV-XV асрларга оид ноёб қўлёзмалар, тошбосмалар, уларнинг фотонусхалари, фотоплёнкалар, нодир суратлар, шунингдек, XX аср бошидан бугунги кунгача ижод қилган шоир ва ёзувчиларнинг архив ҳужжатлари сақланади. Экспозиция фондидан эса миниатюралар, картиналар ҳамда адибларга тегишли шахсий буюмлар ўрин олган.

«Илмий қанотда қўлёзмалар, тошбосмалар ва архив материаллари сақланади. Бу ерга маҳаллий ва хорижий тадқиқотчилар келиб ишлайди. Экспозиция қисми эса кенг жамоатчилик учун мўлжалланган. У ерда Навоий, Бобур, жадидчилик даври каби мавзуларга бағишланган алоҳида заллар мавжуд», — дейди у.

Шаҳноза Назарованинг таъкидлашича, давлат адабиёт музейи нафақат ноёб фондлари, балки мамлакат адабиётшунослик мактаби шаклланган муҳим илмий марказ сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

«Бу ерда мендан аввал профессор Жаббор Эшонқул раҳбарлик қилган. Ундан аввал бўлса профессор Саидбек Ҳасанов, академик Азиз Қаюмов фаолият юритган», — дейди у.

адабиёт музейи, маданий мерос, шаҳноза назарова

Шаҳноза Назарова. / Фото: Шахсий архив.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг кўплаб машҳур адабиётшунос олимлари илмий фаолиятини айнан шу музейда бошлаган ёки шу ерда тажриба орттирган.

«Давлат адабиёт музейи ўзбек адабиётшунослиги учун ўзига хос илмий мактаб ҳисобланади. Кейинчалик Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг Қўлёзмалар фонди ҳам айнан шу музей негизида шаклланган. Фондимиздаги қўлёзмаларнинг бир қисми кейинчалик ушбу институтга топширилган», — дейди музей раҳбари.

Унинг қайд этишича, ҳозирда музейнинг тўлиқ ўзи эмас, фақат унинг экспозиция қисми вақтинча ёпилган.

«Музей ёпилди деганда, айнан экспозиция назарда тутилади. Илмий ходимлар, архивчилар ва техник ходимлар ўз ишини одатдагидек давом эттирмоқда. Музейда жами 42 нафар ходим фаолият юритади», — деди Назарова.

«Бино маънан эскирган»

Назарова музей биноси бузилиши ҳақида тарқалаётган гап-сўзларга ҳам муносабат билдириб, бу ҳақда ҳеч қандай расмий қарор йўқлигини таъкидлади.

«Бино бузилиши ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот йўқ. Гап реконструкция ҳақида кетяпти. Ўзингиз кўриб турибсиз, ташқи фасадда таъмирлаш ишлари бошланган. Бироқ кўчириш жараёни бошлангач, биз учун энг муҳим масала музей ашёларининг хавфсизлигини таъминлаш бўлди. Қурувчилар кириб-чиққанда турли ҳолатлар юз бериши мумкин. Шунинг учун таъмирлаш жараёни вақтинча тўхтаб турибди», — дейди у.

Шаҳноза Назарованинг сўзларига кўра, музейдаги ўзгаришларга туртки бўлган омиллардан бири — Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг жорий йил апрель ойидаги ташрифи бўлган.

Унинг айтишича, Саида Мирзиёева Ўзбекистон ёшлар театри билан танишиш учун келганида музейга ҳам кириб, бу ерда сақланаётган ноёб қўлёзмалар, тошбосмалар ва жадидлар меросига оид архив ҳужжатларни кўздан кечирган.

«Биз уларга ноёб қўлёзмаларни, тошбосмаларни, жадид боболаримизга оид архив материалларни намойиш қилдик. Бундай бой архив ва ноёб манбалар бошқа ҳеч қаерда йўқ. Улар бу ашёларга катта қизиқиш билдирди ва „Нега бундай ноёб мерос шундай шароитда сақланяпти?“ деган саволни ўртага қўйди», — дейди музей директори.

Назарованинг таъкидлашича, айнан шундан кейин музейни замонавий талаблар асосида янгилаш масаласига жиддий эътибор қаратилган.

Унинг қайд этишича, 1968 йилдан буён музей биносида фақат қисман таъмирлаш ишлари амалга оширилган, аммо тўлиқ реконструкция ва модернизация ҳеч қачон ўтказилмаган.

«Музей ёпилмаяпти. Янги бино битгунча бу бой меросни қаерда сақлаш асосий масала эди. Ҳозирги бинода ҳарорат ва намликни назорат қилиш имкони йўқ, ёнғин хавфсизлиги ва иситиш тизими ҳам эскирган. Қисқаси, бино маънан эскирган. Бундай шароитда ноёб қўлёзмаларни сақлаб бўлмайди. Уларнинг белгиланган ҳарорат, намлик ва ёруғлик талаблари мавжуд», — дейди Назарова.

Шаҳноза Назарованинг маълум қилишича, музей фондларини хатловдан ўтказиш ва вақтинча бошқа жойга кўчириш жараёни Вазирлар Маҳкамасининг 20 май куни қабул қилинган 234-сонли фармойиши асосида амалга оширилмоқда. Қўлёзмалар ва бошқа қимматли ашёлар махсус сақлов жойларида вақтинча сақланади.

Назарованинг таъкидлашича, қўлёзмалар, тошбосмалар ва архив материаллари Ислом цивилизацияси марказига, музей экспонатлари эса Антропология институтига босқичма-босқич кўчирилади. Экспонатлар ушбу икки ташкилот балансига ўтказилмайди.

«Қарийб 1,5 миллионта экспонат бор экан»

Назарованинг маълум қилишича, фондларни хатловдан ўтказиш жараёни музейдаги бойликлар ҳажми аввал ўйланганидан анча катта эканини кўрсатган.

«Шу пайтгача архивда 65 мингта ҳужжат бор деб ҳисоблардик. Чунки бирламчи хатлов ўтказилмаган эди. Ўтган ҳафта уни якунладик ва маълум бўлдики, архив фондида 1 миллион 416 минг 512 та ҳужжат сақланар экан», — дейди музей директори.

адабиёт музейи, маданий мерос, шаҳноза назарова

Унинг сўзларига кўра, музейда ҳозирча 1491 та тошбосма, 439 та папкада қўлёзмаларнинг фотонусхалари, 145 та папкада фотоплёнкалар ҳамда кўплаб шоир ва ёзувчиларнинг суратлари сақланмоқда. Архив фондида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Боту, Мақсуд Шайхзода, Асқад Мухтор, Саид Аҳмад, Абдулла Қодирий ва бошқа ижодкорларнинг қўлёзмалари, асарлари нусхалари, хатлари ҳамда фотосуратлари жамланган.

Шаҳноза Назарованинг таъкидлашича, хатлов ишлари давом этар экан, фондлардаги ашёлар сони ҳам аниқлаштириб борилмоқда.

«Кун сайин янги ашёлар саноқдан ўтмоқда. Иш ҳажми кенгайяпти, вазият ўзгаряпти. Биз ноёб мерос учун янада яхши сақлаш шароитини яратишга ҳаракат қиляпмиз. Жараённи оммавий ахборот воситалари ҳам кузатиб бориши мумкин», — дейди у.

«Бу ерда ҳеч қандай сир йўқ. Барча жараён очиқ олиб борилмоқда. Ҳозирча 847 та қўлёзманинг ҳар бирини санаб, махсус ҳимояланган яшикларга жойладик. Уларни хавфсизлик хизмати, Маданий мерос агентлиги ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари ҳамда йўл-патруль хизмати ҳамроҳлигида белгиланган тартиб асосида Ислом цивилизацияси марказига олиб бордик. Улар белгиланган сақловхонага жойлаштирилиб, муҳрланди», — дейди музей директори.

Музей директорининг қайд этишича, ҳозир томонлар ўртасида қабул қилиш ва сақлашга оид ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

«Қабул қилувчи ташкилот ашёларни хавфсиз ва бут ҳолда сақлаш бўйича кафолат беради. Биз ҳам ҳар бир ашёни белгиланган тартибда топширганимизни расмий ҳужжатлар билан тасдиқлаймиз. Бу ерда ҳар бир қўлёзма, ҳатто ҳар бир варақ алоҳида саноқдан ўтказилади», — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, бу жараён бир-икки кунда якунланмайди. Ҳар бир босқич видеокузатув остида амалга оширилмоқда.

«Қўлёзмалардан кейин тошбосмалар, сўнг архив материаллари босқичма-босқич кўчирилади. Асосий мақсад — уларни замонавий сақлаш шароитига эга жойга жойлаштириш. Қўлёзмаларга намлик, ҳарорат, чанг ёки зараркунандалар таъсир қилмаслиги биз учун энг муҳим вазифадир», — дейди Шаҳноза Назарова.

Унинг таъкидлашича, музей фондларида сақланаётган барча бойликлар давлат ва халқ мулки ҳисобланади.

«Музейлар тўғрисидаги қонунга кўра, олий тоифали музейда сақланаётган ҳар бир ашё халқники. Шунинг учун бу ерда яширилаётган ёки сир тутилаётган ҳеч нарса йўқ», — дейди Назарова.

«Биз ҳам дунё музейлари даражасида ишлашимиз керак»

Назарованинг айтишича, музей учун янги бино ва замонавий шароит яратилиши режалаштирилгани уни қувонтиради.

«Мен буни ижобий қабул қиламан. Чунки гап янги бино ва яхши сақлаш шароити ҳақида кетяпти. Оммавий ахборот воситалари вакилларидан ҳам илтимосим — жараённи кузатиб боринглар. Бугун 847 та қўлёзма кўчирилган бўлса, кейинги босқичда қанча тошбосма, фотоплёнка, сурат ва архив ҳужжати кўчирилганини ҳам очиқ айтамиз», — дейди у.

Унга кўра, жамоатчилик бу жараённи салбий эмас, аксинча, маданий меросни асраб қолишга қаратилган муҳим қадам сифатида қабул қилиши керак.

адабиёт музейи, маданий мерос, шаҳноза назарова

«1968 йилдан бери бино тўлиқ таъмирланмаган. Мен уни бутунлай бузиб ташлаш керак демоқчи эмасман. Бу бинода тарих ва салобат бор, уни сақлаш керак. Лекин уни замон талабларига мос равишда модернизация қилиш вақти келган. Ҳозирги шароитда қўлёзмалар ва тошбосмаларни сақлаб бўлмайди. Биз ҳам дунё музейлари даражасида ишлашимиз, аввало, шу ноёб меросни асраб қолишимиз керак», — дейди Назарова.

Музей директори, шунингдек, замонавий музейларда экспонатларни сақлаш билан бирга, уларни намойиш этиш маданияти ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

«Бугун музей фақат ашёни сақлайдиган жой эмас, уни тўғри ва эстетик тарзда тақдим этадиган маскан ҳамдир. Қимматбаҳо буюмни қандай бўлса шундай қўйиш билан уни махсус витринада, замонавий талаблар асосида намойиш қилиш ўртасида катта фарқ бор. Худди бриллиантни ўз ғилофи ва махсус қутисида кўрсатганингиз каби, музей экспонатлари ҳам муносиб шароитда намойиш этилиши керак», — дейди у.

Янги Тошкентда янги бино қурилмоқда

Муассаса раҳбарининг айтишича, Янги Тошкент ҳудудида Давлат адабиёт музейи учун янги бино қурилиши бошланган.

«Лойиҳанинг чизмалари тайёр. Мен ҳали қурилиш майдонига борганим йўқ, лекин у ерда қурувчилар ва архитекторлар ишлаяпти. Режага кўра, Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди, Мақом маркази ва Адабиёт музейини ўз ичига олган йирик комплекс барпо этилади. Аммо ҳозирги тарихий бино тақдири бўйича ҳукумат қандай қарор қабул қилиши ҳақида маълумотга эга эмасман. Бу — 1939 йилда қурилган ноёб бино», — дейди у.

адабиёт музейи, маданий мерос, шаҳноза назарова

Музейнинг келгусида қаерда жойлашиши ҳақидаги шахсий фикри сўралганда, Назарова учун асосий мезон жой эмас, балки ноёб меросни сақлаш шароити эканини таъкидлади.

«Бу масалага кенгроқ қараш керак. Кейинги 10−20 йиллик ривожланиш истиқболи Янги Тошкент билан боғлиқ. У ер ҳам ўзимизники, бу ер ҳам ўзимизники. Мен учун муҳими — қўлёзмалар, тошбосмалар, архивлар ва экспонатлар қаерда яхшироқ сақланиши. Агар шу бинода замонавий музей талабларига мос реконструкция қилинса ҳам қўллаб-қувватлайман. Янги музей қурилса ҳам қўллайман. Асосий мақсад — меросни асраш, келажак авлодга етказиш ва томошабинга муносиб тарзда тақдим этиш», — дейди Назарова.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бир нечта маданий объектларга, жумладан, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейига ташриф буюриб, ноёб қўлёзмаларни рақамлаштириш жараёнини муҳокама қилганди. Кейин у маданият объектлари билан боғлиқ вазиятни назоратга олганини маълум қилган.

Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи учун янги бино лойиҳаси бир неча йилдан буён муҳокама қилинмоқда. 2021 йилда президентга Миллий боғдаги Адиблар хиёбони ёнида музей қуриш таклифи тақдим этилганди.

Кейинчалик концепция ўзгарди. 2024 йил сентябрь ойида давлат раҳбарига Янги Тошкентда Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Адабиёт музейи ва Миллий мақом марказини ўз ичига олган мажмуа лойиҳаси тақдим этилди. Уни дунёга машҳур Zaha Hadid Architects бюроси лойиҳалаштирган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *