• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон 1,27 млн гектар ўрмон барпо этиш ва тиклашни ҳамда чўл иқтисодиётини ривожлантиришни режалаштирмоқда


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш бўйича таклифлар билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Сўнгги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 2 млн гектардан ортиқ янги ўрмонзорлар барпо этилди. Матбуот хизмати маълумотларига кўра, «Яшил макон» лойиҳаси доирасида мамлакат бўйлаб 1 миллиарддан зиёд дарахт ва бута кўчатлари экилди, кўкаламзорлаштириш даражаси эса 2020 йилдаги 8 фоиздан 2025 йилда 14,3 фоизга етди.

2026−2030 йилларда 1,27 миллион гектар майдонда ўрмонлар барпо этиш ва тиклаш, шунингдек, чўл, тоғ ва тоғолди ҳудудларида 16 минг гектарлик ҳимоя ўрмонзорлари ташкил этиш таклиф қилинмоқда.

Бошқа ташаббуслар қаторидан Сурхондарё вилоятида 10 минг гектар майдонда яшил қопламалар яратиш, Сирдарё вилоятининг чегараолди ҳудудларида 84 километрли «яшил девор» шакллантириш, тоғли ҳудудларда дарахтларни терасса усулида экиш ҳамда деградацияга учраган ерларда замонавий агротехнологияларни синовдан ўтказиш жой олган.

Президент чўл ҳудудларини нафақат экологик муаммо, балки янги иқтисодий имкониятлар манбаи сифатида ҳам кўриш кераклигини таъкидлади. Шу муносабат билан чўл ўсимликлари уруғчилиги ва кўчатхоналарини ташкил этиш, етиштириш, яйловлар маҳсудорлигини ошириш, чорвачилик, экологик туризм ҳамда илмий тадқиқотларни кенгайтириш таклиф этилди.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистонда чўл ўсимликлари кўчатхоналарини ташкил этиш, Боботоғ ҳудудида писта плантацияларини ривожлантириш, галофит боғлари тармоғини кенгайтириш, қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар ва уруғларнинг минтақавий банкини шакллантириш, шунингдек, халқаро фондлар ҳамда хусусий инвестицияларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Таклифларнинг алоҳида блоки минтақавий ҳамкорликка қаратилган. Чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш бўйича Марказий Осиё минтақавий илмий-тадқиқот маркази фаолиятини кенгайтириш, «Яшил қалқон» дастури лойиҳалари сонини кўпайтириш ҳамда 2040 йилгача бўлган даврда чўлланишга қарши курашиш бўйича минтақавий стратегияни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилнинг баҳорида Gazeta Оролбўйини кўкаламзорлаштириш устида ишлаётган академик Зиновий Новицкийнинг мақоласини эълон қилганди. Унда бугун президентга тақдим этилган айрим таклифлар илгари сурилганди.

Олим, хусусан, чўлланишга қарши курашиш фақат оммавий дарахт экишдан иборат деган ёндашувдан воз кечиш ва тўлақонли чўл иқтисодиётини ривожлантиришни таклиф қилган. Бу эса галофитлар ва бошқа маҳаллий ўсимликларни етиштириш, кўчатхоналар ҳамда уруғчилик банкларини ташкил этиш, яйловлар маҳсудорлигини ошириш, илмий тадқиқотлар, экотуризм ва чўл ҳудудларидан хўжалик мақсадларида фойдаланишни кенгайтиришни назарда тутади — яъни ушбу ҳудудларга муаммо сифатида эмас, балки иқтисодий ресурс сифатида қараш кераклиги таъкидланган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *