Ўзбекистон газ таъминоти тизимида 2025 йил ва 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида 1,442 триллион сўмлик (тахминан 118 миллион доллар) табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Умид Мамадаминов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 546 миллион куб метр газдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 10 484 та ҳолат қайд этилган.
Бундан ташқари, ушбу давр мобайнида газ таъминоти корхоналарида 31 134 та режадан ташқари текшириш ва мониторинг тадбирлари ўтказилган бўлиб, шундан 17 824 таси 2025 йилга, 13 310 таси эса 2026 йилнинг биринчи ярмига тўғри келади.
Натижада комплаенс-тузилмалар томонидан газ таъминоти ташкилотлари ходимлари томонидан содир этилган 441 та коррупциявий ҳуқуқбузарлик ўз вақтида аниқланди ва бартараф этилди. Улардан 174 та ҳолат табиий газ, 268 таси эса суюлтирилган газ соҳасига тегишлидир.
Аниқланган қоидабузарликлар ва ички норматив ҳужжатларга риоя қилмаслик фактлари бўйича 824 та хизмат текшируви ўтказилди. 61 та текширув материаллари ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. 253 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланди, улардан 127 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинди, 212 нафари ҳайфсан олди, 41 нафари эса иш ҳақидан жаримага тортилди.
Шунингдек, 47 та ҳолатда 7,07 миллиард сўмлик товар-моддий бойликлар ва ёнилғи-мойлаш материалларини талон-торож қилиш фактлари аниқланди. Ушбу материаллар ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Суюлтирилган газ таъминоти соҳасида режадан ташқари текширувлар якунларига кўра 1076 та қоидабузарлик аниқланди. 406 та ҳолатда суюлтирилган газни ноқонуний сотиш шохобчалари фаолиятига чек қўйилди. Вазирлик маълумотларига кўра, улар орқали 7,99 миллиард сўмлик 15 761 та маиший газ баллони ва 1,2 миллиард сўмлик 180 тоннадан ортиқ суюлтирилган газнинг ноқонуний сотилиши олди олинди.
Умид Мамадаминов, шунингдек, 2025 йил январидан ҳозирги вақтга қадар «Ҳудудгазтаъминот» компаниясининг қуйи тизим ташкилотларидаги 67 нафар ходим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан коррупциявий ҳуқуқбузарликлар устида қўлга олинганини маълум қилди. Умумий ҳисобда гап 59 та ҳолат ҳақида бормоқда.
Вазирнинг биринчи ўринбосари асосий коррупциявий хавф-хатарлар сифатида газ таъминотига уланиш учун пора олиш, қоидабузарликларни расмийлаштирмаслик ёки зарар миқдорини камайтириб кўрсатиш эвазига пул ундиришга уриниш, шунингдек, қарздорликни камайтириш ёки ўчириш учун тамагирлик қилишни санаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатлар жараёнларнинг тўлиқ рақамлаштирилмагани, «коррупцион лазейкалар» сақланиб қолаётгани ва истеъмолчиларнинг газлаштириш тартиб-таомилларидан етарлича хабардор эмаслиги билан боғлиқ.
Тизимдаги хавфларни камайтириш мақсадида техник шартларни расмийлаштиришни онлайн назоратга ўтказиш имконини берувчи HGT Online дастурий таъминоти жорий этилмоқда. Тошкент шаҳрида синов тариқасида сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда ва давлат хизматлари марказлари базалари билан интеграциялашган ҳолда техник шартларни расмийлаштириш йўлга қўйилди. Аризани қабул қилиш, уланиш нуқтасини аниқлаш ва ҳужжатни расмийлаштириш инсон омилисиз амалга оширилиши керак.
Шунингдек, шахсий ҳисобрақам очиш жараёни ҳам рақамлаштирилди: фуқаролар «Ҳудудгазтаъминот» сайтидаги шахсий кабинет орқали онлайн ариза топширишлари мумкин. Текширувларни расмийлаштириш учун E-ma’muriy дастурий таъминоти жорий этилиб, 2478 нафар маҳалла газчиси ва улгуржи истеъмолчилар билан ишловчи 451 нафар мутахассис планшетлар билан таъминланди. Компания, шунингдек, истеъмолчилар билан бевосита мулоқот қиладиган ходимлар учун бодикамералар сотиб олишни режалаштирмоқда.
Вазирнинг биринчи ўринбосари маълумотларига кўра, Ўзбекистонда маълумотларни онлайн узатмайдиган эски газ ҳисоблагичлари бўлган 104 215 та хонадон қолмоқда. Шундан 102 431 таси кўп квартирали уйлардаги хонадонларга, 1784 таси эса хусусий уйларга тўғри келади. Бундай ҳисоблагичларнинг алмаштирилишини назорат қилиш учун фото ва видеоҳисоботлар жорий этилди.
Суюлтирилган газ йўналишида эса март ойидан бошлаб барча ҳудудларда Face ID тизими йўлга қўйилди. 984 нафар чилангар-етказиб берувчига планшетлар берилди, маиший газ баллонларини тарқатиш эса юзни таниш тизими орқали амалга оширилмоқда.