6 июль куни Андижон шаҳридаги 2-сонли туғуруқ мажмуасида 5 нафар эгизак дунёга келди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, «Қайрағочтош» МФЙда яшовчи Наргиза Бекжонова кўп ҳомилалик ташхиси билан мазкур муассасага қабул қилинган. Унда бир неча соат аввал муддатидан илгари туғуруқ ташхиси билан кесарча кесиш амалиёти бажарилган.
Унинг 5 фарзандидан 3 нафари қиз, қолганлари ўғил. Чақалоқлар 1205 грамдан 1605 грамгача бўлган оғирликда дунёга келди.


Ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида она ва чақалоқлар Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилояти филиалига ўтказилди, дейилади хабарда.
Эгизаклар ва уларнинг онаси ўзларини яхши ҳис этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда ҳам Андижон шаҳрида 4 нафар эгизак — уч ўғил ва бир қиз дунёга келганди. ССВ она ва чақалоқлар тиббиёт ходимлари назоратида экани ва ўзларини яхши ҳис этаётганини маълум қилган.


