• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда маҳаллий нарко экспресс-тестлар клиник синовдан ўтмоқда. Улар 18 турдаги наркотикни аниқлай олади


Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни экспресс аниқлашга мўлжалланган маҳаллий наркотестлар ишлаб чиқилди ва айни пайтда клиник синовдан ўтказиляпти. Бу ҳақда 25 июнь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Наркотикларни назорат қилиш қўмитаси раиси Исматжон Азизовнинг маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

«18 турдаги наркотик ва психотроп моддаларни аниқлай олади»

Азизовнинг айтишича, мазкур ташаббус президент қарорида белгиланган топшириқ асосида амалга оширилмоқда. Ундан кўзланган асосий мақсад — ота-оналарга фарзандида гиёҳванд моддалар истеъмолига оид шубҳа туғилган ҳолларда ихтиёрий равишда текширув ўтказиш имкониятини яратишдир.

Исматжон Азизов.

«Шу вақтгача нарко экспресс-тестлар чет элдан олиб келинар эди. Янги қарор билан уларни мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқариш вазифаси юклатилди. Бу йўналишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги биргаликда Намангандаги Novotest корхонаси билан ҳамкорлик қилмоқда», — дейди у.

Азизовнинг таъкидлашича, ишлаб чиқилаётган экспресс-тестлар гиёҳвандлик воситаларини сўлак ёки сийдик намуналари орқали қисқа вақт ичида аниқлаш имконини беради. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда маҳсулот клиник синов босқичидан ўтказиляпти.

«Дорихоналар орқали сотувга чиқариш вазифаси ҳам белгиланган. Шунинг учун тестлар энг кўп учрайдиган наркотик ва психотроп моддаларни аниқлашга мослаштирилган», — дейди қўмита раиси.

Қайд этилишича, нарколог мутахассислар билан биргаликда энг кўп тарқалган 18 турдаги наркотик ва психотроп модда танлаб олинган.

«Экспресс-тест орқали дастлабки натижа олинади. Зарурат туғилса, намуна махсус идишга олиниб, кейинчалик хроматографик ва спектрофотометрик усуллар орқали лабораторияда аниқ миқдорий таҳлил ҳам ўтказиш мумкин», — дейди Азизов.

Унинг маълум қилишича, тестларни ишлаб чиқариш учун зарур ускуналар хориждан Наманганга олиб келинган ва тажриба партияси тайёрланган. Айни пайтда маҳсулот тиббий буюм сифатида давлат рўйхатидан ўтказилмоқда. Шу мақсадда ҳужжатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига тақдим этилган.

«Рўйхатдан ўтказиш жараёнининг бир қисми аллақачон якунланди. Ҳозир маҳсулот клиник синовдан ўтяпти. Агар унинг натижалари ижобий баҳоланса, оммавий ишлаб чиқаришга рухсат берилади», — дейди Исматжон Азизов.

«Наркотестлар 15−20 минг сўм атрофида бўлиши кутиляпти»

Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази директори Зарифжон Ашуров маҳаллий нарко экспресс-тестлар ҳозирча клиник синов босқичида эканини изоҳлаб, бу жараён тестнинг ишончлилик даражасини текширишга қаратилганини билдирди.

зарифжон ашуров, нарко экспресс-тест, наркотест, наркотиклар, наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги

Зарифжон Ашуров.

Унинг таъкидлашича, клиник синовнинг асосий мақсади тест натижаларида хатолик эҳтимоли бор-йўқлигини аниқлашдан иборат.

«Клиник синов деганда, тест қанчалик аниқ ишлашини текшириш назарда тутилади. Масалан, ота-она фарзандини текширганда, тест аслида гиёҳванд модда истеъмол қилинмаган бўлса ҳам, ижобий натижа кўрсатса, бу бутун оила учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳозир биз тестларда хатолик даражасини баҳолаяпмиз», — дейди Ашуров.

Унинг айтишича, клиник синовлар якунлангач, тестларнинг ишончлилик кўрсаткичи статистик жиҳатдан баҳоланади ва шундан кейингина уларни оммавий ишлаб чиқаришга рухсат берилади. «Агар хатолик даражаси минимал ёки қабул қилинадиган меъёрда экани тасдиқланса, тестлар ишлаб чиқаришга жорий этилади», — дейди марказ директори.

Зарифжон Ашуров, шунингдек, нарко экспресс-тестлардан фойдаланиш тартибига ҳам аниқлик киритди. Унинг сўзларига кўра, ота-оналар фарзандини ўз ташаббуси билан аноним равишда текширмоқчи бўлса ёки дорихонадан тест харид қилса, бу хизмат пулли бўлади.

«Лекин агар фуқаро наркологик муассасага мурожаат қилган ёки диспансер ҳисобида турган бемор бўлса, унга тестлар давлат кафолатлаган тиббий хизматлар пакети доирасида бепул тақдим этилади», — дейди у.

Марказ директори маҳаллий ишлаб чиқариш йўлга қўйилгач, нарко экспресс-тестлар нархи ҳам арзонлашишини маълум қилди. Унга кўра, маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқариш бошланса, унинг нархи импорт қилинаётган аналогларига нисбатан қарийб икки баробар арзон бўлиши кутилмоқда.

«Ишлаб чиқарувчиларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, маҳаллий нарко экспресс-тестларнинг чакана нархи тахминан 15−20 минг сўм атрофида бўлади», — дейди Зарифжон Ашуров.

Эслатиб ўтамиз, январь ойи охирида президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда жорий йилдан бошлаб нарко экспресс-тестлардан оммавий фойдаланишни бошлаш масаласи ҳам муҳокама қилинган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *