• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Саудия Арабистони хусусий клиникаларига 100 нафар ўзбекистонлик шифокор ва ҳамшира ишга қабул қилиниши мумкин


Саудия Арабистони дастлабки босқичда 100 нафар ўзбекистонлик шифокор ва ҳамширани ишга қабул қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Бу масала Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси дипломатлари ҳамда ушбу мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги Кадрлар бошқармаси бошлиғи, шунингдек, Vigour Locomotion Medical Center тиббий реабилитация маркази бошқарув директори Вадҳа бинт Саад ал Ҳажрий ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, учрашувда икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ўзбекистонлик шифокор ва ҳамшираларни Саудия Арабистонидаги хусусий тиббиёт муассасаларига ишга жалб қилиш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Саудия томони маълумотига кўра, мамлакатдаги хусусий касалхона ва тиббиёт марказларида қарийб 4,5 минг нафар хорижий шифокор ва ҳамширага эҳтиёж мавжуд. Шу муносабат билан биринчи босқичда 100 нафар ўзбекистонлик тиббиёт мутахассисини ишга қабул қилиш таклифи билдирилди.

Таклиф этилаётган меҳнат шартларига кўра, иш берувчи ходимларнинг иқомаси (яшаш ва ишлаш рухсатномаси), турар жойи, ички транспорт харажатлари, тиббий суғуртаси ҳамда йиллик авиачипта харажатларини тўлиқ қоплаб беради. Иш ҳақи ёш шифокорлар учун ойига 4500−5600 саудия риали (тахминан 1200−1500 доллар), тажрибали мутахассислар учун 5600−9300 риал (1500−2500 доллар), ҳамширалар учун эса 3000−3750 риал (800−1000 доллар) этиб белгиланган.

Эҳтиёж асосан оилавий шифокорлар, акушер-гинекологлар, физиотерапевтлар, дерматологлар, болалар психологлари ҳамда юз-жағ жарроҳлари каби мутахассисликлар бўйича мавжуд.

Учрашувда Саудия томони ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг касбий маҳорати, меҳнатсеварлиги ва интизомини юқори баҳолаб, шундай малакали кадрларни ишга жалб қилишдан манфаатдорлигини билдирди. Шу билан бирга, инглиз тилини яхши биладиган ҳамда касбий этика қоидаларига қатъий амал қиладиган мутахассисларга талаб юқори экани қайд этилди.

Музокаралар давомида Ар Риёз провинциясида замонавий кўп тармоқли соғломлаштириш тиббиёт маркази (санаторий) қурилиши лойиҳаси ҳам тақдим этилди. Саудия томони ушбу лойиҳада ўзбекистонлик инвесторларни иштирок этишга таклиф қилди. Лойиҳа амалга оширилса, Ўзбекистондан қурувчилар, муҳандислар, электриклар, сантехниклар, дурадгорлар, ҳайдовчилар ва бошқа мутахассисларни жалб қилиш, кейинчалик эса санаторий фаолияти учун янги иш ўринлари яратиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Вадҳа бинт Саад ал Ҳажрий июль ойи охирида Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазири бошчилигидаги делегация таркибида Ўзбекистонга ташриф буюришини маълум қилди. Ташриф доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миграция агентлиги ҳамда «Зомин» санаторийси билан тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, май бошида Ўзбекистон делегацияси Саудияда меҳнат миграцияси бўйича музокаралар ўтказган, тиббиёт, қурилиш, туризм ва муҳандислик соҳаларига ишчи кучини жалб қилишни муҳокама қилган эди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *