Италиянинг Сардиния ҳудудида ўзбекистонлик шифокор ва ҳамширалар учун иш ўринлари таклиф этилмоқда. Бу ҳақда агентликнинг Xorijda ish Telegram каналида хабар берилди.

Сардиния соғлиқни сақлаш тизимининг йиллик эҳтиёжи 100 нафар тиббиёт ходимини ташкил этади. Бўш иш ўринлари қуйидаги йўналишлар бўйича таклиф этилмоқда:

  • Шошилинч тиббий ёрдам шифокори (магистратура, ординатура дипломлари ёки шу йўналишдаги сертификат талаб этилади);
  • Олий ҳамширалик иши (бакалавр дипломи талаб этилади).

Номзодлар учун иш тажрибаси мажбурий эмас, бироқ мавжудлиги устунлик беради. Талабгорлар олий тиббий маълумот тўғрисидаги дипломга эга ва 50 ёшгача бўлиши керак (40 ёшгача бўлган номзодларга устуворлик берилади).

Иш бошлашдан аввал номзодлар Италиянинг Перужа университети билан ҳамкорликда ташкил этилган итальян тили курсларида 7 ой давомида ўзига қулай жой ва вақтда онлайн шаклда ўқитилади. Ўқиш харажатлари Миграция агентлиги томонидан қопланади (ойига 600 евро).

Тил курсини муваффақиятли якунлаган ходимлар учун бошланғич маош 3500 еврогача этиб белгиланган. Қўшимча иш соатлари ва тунги навбатчиликлар учун бонуслар ҳисобига умумий даромад 4000 — 5000 еврогача ошиши мумкин. Иш вақти ҳафтасига 38 соатни ташкил этади.

Бундан ташқари, иш берувчи томонидан турур жой харажатлари қопланади, тушлик таъминланади ва тиббий суғурта расмийлаштирилади.

Ушбу ҳавола орқали рўйхатдан ўтилади. Қўшимча маълумот ва рўйхатдан ўтиш учун Миграция агентлигининг 71 202−33−55 (ички рақам 221) телефонига мурожаат қилиш мумкин.