• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда 6−12 июль кунлари об-ҳаво қандай бўлади? Gazeta шарҳи – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


Ушбу шарҳ Ўзгидрометнинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.

Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда Ўзгидромет ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.

Манба: Windy.com

Ҳафта давомида республика ҳудудлари қўшни Туркманистон ҳудудларидан кириб келиши мумкин бўлган паст босимли жуда иссиқ атмосфера жараёни таъсирида бўлади. Бу жараён ёз ойларида аномал иссиқлик тақдим этувчи термик депрессия жараёни эмас. Марказида атмосфера босими 1000 гПа ва ундан пасаювчи иссиқ ҳаво оқими ва ниҳоят республика учун ҳақиқий ёз иссиғини тақдим этади. Ҳафта давомида айрим кунлари тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёғинларни ҳисобга олмаса, бошқа жойларда умуман ёғингарчилик кутилмайди.

Ўзбекистон ҳафтанинг иш кунлари деярли бир хил иссиқлик таъсири остида бўлади. Хорижий об-ҳаво бюроси маълумотларида ҳафтанинг иш кунларида ўртача беш кунлик ҳарорат қиймати республиканинг катта қисмида давр учун хос бўлган иқлимий меъёрдан 2−4 даража, Орол денгизи атрофида эса 4 даражадан юқори иссиқ бўлиши маълум қилинган.

Манба: Meteoinfo.ruМанба: Meteoinfo.ru

Ўзгидрометнинг ҳафта кунлари учун тузган прогнозларига кўра, душанбадан жума кунига қадар республиканинг кўплаб вилоятларида +38 даражадан +43 даражагача иссиқ бўлиши келтирилган. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида иссиқ кунлар сешанбадан бошланса, бошқа ҳудудларда чоршанба, водий ва Тошкент вилоятида пайшанба-жума кунларида аҳоли ҳароратнинг сезиларли қизиб бораётганига гувоҳ бўлади. Айниқса, тунги ва тонгги ҳарорат қийматларининг сезиларли кўтарилиши республиканинг катта қисмида ҳафтанинг иккинчи ярмидан сезила бошлайди. Тунги минимал ҳарорат қийматлари ҳам республиканинг катта қисмида +22…+27 даража, айрим ҳудудларда +30 даражача дим иссиқликни тақдим этади. Тоғларда ҳам ҳарорат аста-секин кўтарилиб, кундузлари +30, тунлари +15…+20 даражагача оралиқда ўзгаради.

Ҳафта бўйлаб республикада ёғингарчилик кутилмайди. Фақат тоғли ҳудудларда айрим кунлари куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли жала ёғиб ўтиши мумкин.

Қуйидаги ёғингарчилик прогноз картасида ҳафта давомида жойларга умумий қувватда қанчагача ёғингарчилик тушишини кўриш мумкин.

Манба: ECMWFМанба: ECMWF

Ўзгидрометнинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ушбу ҳафта Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудларида жуда иссиқ ҳафта бўлиши, ҳафталик ҳарорат кўп йиллик иқлимий меъёрдан 6 даражагача юқори четлашиши келтирилган. Бу — сезиларли иссиқ дегани. Водий ва республиканинг кўплаб вилоятларида жорий ҳафта меёърий ҳарорат қийматлари кузатилиши ойдинлашган. Ёғингарчилик кесимида эса ушбу ҳафта республика бўйлаб бир томчи ҳам ёмғир тушмаслиги, яъни қуруқ ҳафта ўтиши кутилмоқда.

Шундай қилиб, ушбу ҳафтада республика аҳолиси кундузлари +40 даража ва ундан бироз юқори ҳароратга гувоҳ бўлади. Бу қиймат, табиийки, кўплаб тармоқларга сезиларли таъсир кўрсатади.

Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири

Иссиқ ҳаво саломатлик учун хавфли. Жорий ҳафтада Ўзбекистон ҳудудига марказий қисмида атмосфера босими 1000 гПа атрофида бўлган кенг кўламли иссиқ ҳаво массаси кириб келиши кутилмоқда. Айрим ҳудудларда кундузи ҳаво ҳарорати +40…+43 даражагача кўтарилади.

Бундай шароитда организмнинг иссиқликни чиқариш қобилияти пасаяди. Натижада сувсизланиш, қон қуюқлашиши, юрак-қон томир тизимига юклама ортиши, қон босими ўзгариши ва иссиқ уриши хавфи ошади. Айниқса, кекса ёшдагилар, болалар, ҳомиладор аёллар ҳамда юрак-қон томир ва сурункали касалликлари бор инсонлар эҳтиёт бўлиши зарур.

Мутахассислар куннинг энг иссиқ қисми — соат 11:00—17:00 оралиғида очиқ ҳавода узоқ юрмаслик, кўпроқ сув ичиш, енгил кийим кийиш ва оғир жисмоний меҳнатни эрталабки ёки кечки соатларга кўчиришни тавсия этади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги шу кунларда соат 10:00 дан 17:00 орасидаги муддатларда қуёш нури тик тушадиган жойларда ҳаракатланмасликни тарғиб этиб, огоҳлантириш хабари улашган.

Биоиқлимий шароитлар. Ҳафтанинг барча кунлари куннинг иккинчи ярмига келиб, республиканинг катта қисмида ҳароратнинг +40 даражага яқинлашиши сабабли аҳоли жуда иссиқ ҳиссиёт таъсирида қолади. Кечки муддатларда ҳам ҳарорат ҳадеганда пасаймагани туфайли дим иссиқ муддатлар узоқроқ вақт давом этиши мумкин.

Айниқса, жума кунига келиб, республиканинг катта қисми, хусусан, Хоразм, Бухоро, Сурхондарё вилояти ва Қорақалпоғистоннинг кўплаб туманларида куннинг иккинчи ярмида экстремал иссиқлик шароити кузатилиши мумкин. Қуйидаги замонавий биоиқлимий шароитларни прогноз қилувчи индекс маълумотлари 10 июль куни соат 14:00 да кўплаб ҳудудларда экстремал иссиқлик ҳиссиётлари кузатилиши мумкинлигини қора рангларда тасвирлаган. Ушбу шароит дам олиш кунлари ҳам куннинг иккинчи ярмида республиканинг катта қисмида кузатилиши мумкин.

Манба: ECMWFМанба: ECMWF

Космик таъсирлар. Ўтган дам олиш кунлари Қуёш сиртидаги доғлардан бирида М ва ҳатто Х синф кучли чақнаш кузатилди. Ўтган шанба куни 5−7 балли «қизил» хавф даражасидаги магнит бўрони унга сезувчанлигини айтган айрим инсонларда яққол билинди. Аммо хорижий геофизика марказлари ҳафта бошларида кучли «қизил» хавф даражасидаги магнит бўрони қўзғалишларини кўзда тутмаган.

Манба: Xras.ruМанба: Xras.ru

Қозоғистоннинг Олмаота ионосфера институти эса бошқача тахминларни тақдим этиб, душанба, чоршанба ва жума кунлари учун «сариқ», пайшанба куни учун «қизил» хавф даражасидаги магнит бўрони қўзғалишлари бўлишига эътибор қаратган. Демак, республика аҳолиси ҳафта давомидаги жазирама билан бир қаторда магнит бўронининг «сариқ» ва ҳатто «қизил» хавф даражасидаги қўзғалишлардан ҳам таъсирланишлари мумкин.

Манба: spaceweatherМанба: spaceweather

Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқдир.

Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши

Ўзгидромет синоптиклари ҳафта давомида кучли ва давомли шамоллар бўлишига эътибор қаратмаган. Шунинг учун, эҳтимол, ҳафта давомида ҳавода чанг тўпланиши билан боғлиқ хавф анча кам.

Ҳавода ифлосланиш ортса ёки майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш рўй берганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.

Шундай қилиб, 6−12 июль кунлари оралиғида Ўзбекистонда жазирама иссиқ кунлар бўлиши кутилмоқда. Шунинг учун ҳафта давомида кишилар саломатлигига камроқ хавф туғдирувчи иқлимий ва космик муҳит ҳафтанинг кундузги муддатларидан ташқари тонгги ва ярим кечасидаги муддатларга тўғри келиши мумкин.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *