15 июлдан «Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2026 йилги иккинчи мавсуми старт олади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, бу «Ташаббусли бюджет» жорий этилганидан буён ўтказилаётган ўн биринчи мавсум ҳисобланади.
Мавсум доирасида лойиҳаларни қабул қилиш 15 июлдан 3 августгача давом этади.
4−18 август кунлари келиб тушган таклифлар сараланади. 19−21 август кунлари эса лойиҳаларни тарғиб қилиш босқичи ўтказилади.
Овоз бериш жараёни 22−31 август кунлари бўлиб ўтади. Анъанавий овоз бериш якунларига кўра ғолиб деб топилган лойиҳалар 1 сентябрь — Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги байрами куни эълон қилинади.
Шунингдек, 1−10 сентябрь кунлари қўшимча ғолиб лойиҳаларни эълон қилиш босқичи ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
21 март куни «Ташаббусли бюджет»нинг 2026 йил 1-мавсум ғолиб лойиҳалари эълон қилинганди. Фуқаролар ташаббуслари 10,2 миллиондан ортиқ овоз тўплади. Мактаблар, йўллар ва бошқа объектларни таъмирлаш бўйича 1996 та лойиҳага 3 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилади. 1 апрель куни эса 47 та лойиҳа қўшимча равишда ғолиб деб топилди. Уларни молиялаштириш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари қарори билан маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан 18,2 млрд сўм ажратилган.
