Навоий вилоятида ноқонуний олтин қазиб олиш учун ковланган чуқурликда тупроқ босиши оқибатида қолиб кетган уч нафар фуқаро қутқарилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 7 июль куни соат 04:22 атрофида Навоий вилояти Хатирчи туманидаги «Ангидон» МФЙ, Қуврай қишлоғи тоғли ҳудудида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, тўрт нафар фуқаро ноқонуний равишда олтин қазиб олиш мақсадида кон ҳудудига борган. Улардан уч нафари қазилган чуқурликка тушиб кетиб, тупроқ остида қолган.
Ҳодиса вақтида ташқарида қолган тўртинчи шахс зудлик билан атрофдагиларга ва Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар берган.
Қайд этилишича, қутқарувчилар етиб келгунига қадар маҳаллий аҳоли ва фуқаролардан бири чуқурликда қолганларнинг бирини чиқариб олган.
ФВБ қутқарувчилари воқеа жойига тезкор етиб бориб, тупроқ остида қолган яна икки нафар фуқарони қутқарган.
Қутқарилган фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун улар тегишли тиббиёт муассасасига юборилган.
Аввалроқ Тошкентнинг Миробод туманидаги қурилишда икки қават пастки ертўлада бўёқ ҳидидан заҳарланиб, аҳволи оғирлашган 3 ишчи қутқарилган эди.
