• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда нефть маҳсулотлари захираси яқин 2−3 ой учун етарли — Энергетика вазирлиги



Ўзбекистонда нефт маҳсулотлари захираси яқин икки-уч ой учун етарли. Бу ҳақда энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Умид Мамадаминов президент Шавкат Мирзиёев ҳузуридаги тақдимотдан сўнг «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, нефть-газ тармоғи мамлакат энергетика хавфсизлиги учун муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳамда нефть ва нефть маҳсулотлари захираларини жамғариш ишларини олдиндан режалаштириш зарур.

«Ҳозир геосиёсий вазиятда бошқа давлатларда энергетика хавфсизлигига ҳам таҳдид қилинганини кўриб турибмиз. Шунинг учун нефть маҳсулотларининг фақатгина захирасини яратиш эмас, бу маҳсулотларни ишлаб чиқариш объектларини ривожлантириш жуда муҳим», — деди вазирнинг биринчи ўринбосари.

Умид Мамадаминовнинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,2 млн тоннадан ошган. Бундан ташқари, хусусий тадбиркорлар яна 600−700 минг тонна маҳсулот импорт қилмоқда.

«Шу ҳисобдан нефть маҳсулотларига бўлган барча эҳтиёжимиз қопланади», — деди у.

Вазирнинг биринчи ўринбосари айтишича, давлат раҳбари ҳузуридаги тақдимотда нефть ва нефт маҳсулотлари соҳасини ривожлантириш, шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва ёқилғи захираларининг етарлилиги масалалари кўриб чиқилган.

«Куз-қишга алоҳида режа қилиб олганмиз. Етарлича захиралар яратилган ва ҳозирги ички ишлаб чиқаришимиз бор, шуларни ҳисобга оладиган бўлсак, 100 минг тоннадан ошиқ ўзимизда маҳсулот ишлаб чиқарилади. Яъни мен ишонтириб айтаманки, келаси икки-уч ой учун бизнинг захирамиз етарли», — деди у.

Умид Мамадаминовнинг маълум қилишича, Энергетика вазирлиги куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича, жумладан, ёқилғи таъминоти ва логистикасига оид алоҳида режалар ишлаб чиққан. Унинг сўзларига кўра, энергетика вазири ҳар ҳафта ушбу йўналишлар бўйича йиғилишлар ўтказмоқда.

«Электр таъминоти, газ таъминоти бўйича ҳам, бутун ёқилғи тизимлари бўйича ҳам алоҳида-алоҳида тўхталиб, биз ҳар ҳафта буни муҳокама қиламиз ва бунинг аниқ режасини қилиб олганмиз», — деди вазирнинг биринчи ўринбосари.

Унинг қўшимча қилишича, тақдимот якунида президент куз-қиш даврида аҳолини электр энергияси, газ ва ёқилғи ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берган.

«Бу бўйича биз Энергетика вазирлиги, ўзининг тизим ташкилотлари билан биргаликда аниқ вазифалар ва чора-тадбирлар белгилаб олганмиз. Яъни ишлайдиган бригадалар сони, захиралари ва аниқ ҳисоб-китобимиз бор», — деди Умид Мамадаминов.

«Ишончим комил, бутун тизим ташкилотларимиз, ҳудудлар ва бошқа тармоқ вакиллари билан биргаликда куз-қишни беталофат ўтказамиз», — деди энергетика вазирининг биринчи ўринбосари.

Беш ой ичида бензин ишлаб чиқариш ҳажми 2,9 фоизга ўсиб, 502,2 минг тоннани ташкил этди. Бироқ май ойида автомобиль бензини ишлаб чиқариш 84,7 минг тоннадан иборат бўлди, бу ўтган йилнинг май ойидагига қараганда 13,7 фоизга камдир. Бу Бухоро нефтни қайта ишлаб чиқариш заводидаги режали таъмирлаш ишлари фонида ишлаб чиқариш кескин пасайиб кетган 2023 йилнинг май ойидан (46,2 минг тонна) бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир. Бу гал эса таъмирлаш ишлари ҳақида хабар берилмади.

Таққослаш учун: апрель ойида НҚИЗлар104,3 минг тонна бензин ишлаб чиқарганди.

Январь-май ойларида 476,4 минг тонна дизель ёнилғиси ишлаб чиқарилди — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,9 фоизга кўп. Май ойида эса ишлаб чиқариш ҳажми 95,4 минг тоннани ташкил этиб, у ҳам йиллик ҳисобда 17,8 фоизга пасайди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *