• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Навоийда хусусий боғчага қарашли Damas`да 20 нафар бола ташилгани аниқланди


Навоий вилояти Хатирчи туманида болаларни автомобиль сиғимидан ортиқ ташиган ҳайдовчига нисбатан чора кўрилди. Бу ҳақда Renessans телеканалининг Ovoza дастурида хабар берилди.

Рейд давомида хусусий боғчага тегишли Damas тўхтатиб текширилганда, 7 кишига мўлжалланган транспорт воситаси салонида 20 нафар бола олиб кетилаётгани маълум бўлган.

«Мумкин эмас. Авариялар ҳақида шунча айтиляпти, яна шунга қарамасдан яна миндириб келяпсизлар», — деди ҳайдовчини тўхтатган ЙПХ инспектори.

«Ўзимга тегишли бўлган Damas автомашинасида боғча болаларини ташиётган эдим. Ичида етти ўриндиқли бўлган машинада 20 та бола билан қўлга тушдим. Қилган ишимдан афсусланаман. Энди бу ҳолат такрорланмайди, айбимни тушуниб етдим», — деди ҳайдовчи.

Вилоят ЙҲХБ матбуот котиби Фаррух Якубовнинг Gazeta`га аниқлик киритишича, ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128−8-моддаси (Транспорт воситасида одам ташиш қоидаларини бузиш) бўйича БҲМнинг икки баравари — 824 минг сўм миқдорида жарима қўлланган. Унга бу қоидабузарлик қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тушунтирилган.

Маълумотларга кўра, 2026 йил бошидан буён Навоий вилоятида боғча тарбияланувчиларини ташиш билан боғлиқ 34 та қоидабузарлик қайд этилган. Ҳолатлар асосан Нурота, Навбаҳор ва Хатирчи туманларида кузатилган.

Хусусан, май ойида Нурота туманида 14 нафар боғча боласи бўлган Matiz ҳалокатга учраганди. Рулда ҳайдовчилик гувоҳномаси олмаган оилавий боғча раҳбари бўлган. Ҳодиса оқибатида аёл вафот этган, болалар турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.

Шундан сўнг ЙҲХХ 1−8 май кунлари болаларни транспортда меъёрдан ортиқ ташиш билан боғлиқ 125 та ҳолатни аниқлаган. Идора ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошевга кўра, айрим ҳолатларда Damas’ларда 25−28 нафаргача, Spark автомобилларида эса 18 нафаргача бола ташилган.

Таъкидлаш жоизки, бундай қоидабузарликнинг оғир оқибатлари ҳақида мунтазам хабар ва огоҳлантиришлар бериб келинаётгани ва назорат тадбирлари ўтказилаётганига қарамай, йўлларда болалар ҳаётини хавфга қўйиб, уларни сиғимдан ортиқ ташиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.

Аввалроқ Андижоннинг Избоскан туманида 58 нафар боғча боласини микроавтобусда олиб кетаётган ҳайдовчи тўхтатиб қолинганди. Ҳолат бўйича ҳайдовчига жарима қўлланилиб, таълим муассасаси раҳбарияти билан профилактик суҳбат ўтказилган.

Бухоро вилояти Ромитан туманида эса Isuzu автобуси ҳайдовчиси маст ҳолатда 40 нафар боғча боласини ташиб юргани аниқланган. Суд қарори билан у 3 йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 16,4 млн сўм жаримага тортилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *