Қонунчилик палатаси 7 июлдаги ялпи мажлисида «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Қонун лойиҳаси билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топиши, шунингдек, айрим ҳарфларнинг қўлланилишига аниқлик киритилиши назарда тутилмоқда.
Қайд этилишича, муҳокамалар давомида депутатлар томонидан қонун лойиҳасининг амалиётда самарали ва босқичма-босқич жорий этилишини таъминлашга қаратилган қатор таклифлар билдирилган.
Хусусан, қонун кучга киргунига қадар расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг амал қилиши сақлаб қолиниши, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларининг рамзий белгилари, пешлавҳа ва кўрсаткичлари ҳамда бошқа атрибутлардан белгиланган муддатгача фойдаланиш тартиби назарда тутилди.
Алифбо ислоҳоти
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилда «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. 2021 йилда Вазирлар Маҳкамасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар алифбони такомиллаштириш учун асос бўлди. Ислоҳотни амалга ошириш учун ишчи гуруҳ тузилди.
2023 йилнинг сентябрида ишчи гуруҳ янги алифбо лойиҳасини тақдим этди. Лойиҳага кўра, алифбода тўртта ҳарфни ўзгартириш таклиф қилинди. Бунда «O‘ o‘» ни «Õ õ», «G‘ g‘» ни «Ğ ğ», «Sh sh» ни «Ş ş» ва «Ch ch» ни «C c» ҳарфига ўзгартириш таклиф этилди.
Лойиҳани тақдим қилиш чоғида ишчи гуруҳ аъзоси, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими Ёрқин Одилов тўртта ҳарф бўйича таклиф этилаётган ўзгартиришни қуйидагича изоҳлаганди:
«O’ o’» ҳарфи ўрнига «Õ õ». Тилшуноснинг фикрича, мазкур алмаштириш ҳарфни матн ичида идрок қилишни осонлаштиришга ёрдам беради. Унинг сўзларига кўра, ўзгартириш, шунингдек, имло хатоларига йўл қўйиш ҳолатларини қисқартиради. Муаммо шундаки, клавиатурада «O’ o’» ҳарфини ёзиш учун иккита ҳаракатни амалга ошириш — «O» ҳарфи ва «6» кўринишидаги апострофни босишга тўғри келади. Аксарият ҳолларда одамлар янглишиб, «9» кўринишидаги апострофдан фойдаланади. Саида Мирзиёева «Ўзбекистон» сўзи ўзбек лотин ёзувида турлича ёзилиши мумкинлигини мисол тариқасида келтириб, бу масалага тўхталиб ўтган эди. Қолаверса, тилшуносларнинг таъкидлашича, апостроф туфайли бир сўз иккига бўлингандек тасаввур уйғотади. Лотин алифбосининг янги версиясида «Õ õ» ни клавиатуранинг «[» тугмасига жойлаштириш режалаштирилмоқда.
«G’ g’» ҳарфи ўрнига «Ğ ğ». Ёрқин Одилов мазкур алмаштиришни ҳам клавиатурада ёзишни соддалаштириш билан изоҳлади. Ҳарфнинг 1993−1995 йилларда ҳам худди шу шаклда қўллангани яна бир далил сифатида келтирилди. «Ğ ğ» ни «]» тугмасига жойлаштириш таклиф қилинди.
«Ch» ҳарфи ўрнига «C» («Ч» ўқилади). 1929 йилдан 1940 йилгача алифбода «Ch» ни ифодалаш учун ушбу ҳарфдан фойдаланилган. Ёрқин Одиловнинг сўзларига қараганда, бу шаклда ҳарф омма томонидан яхшироқ қабул қилинади, чунки «Ch»нинг ҳозирги версиясида «С» ҳарфи аллақачон мавжуд.
«Sh» ҳарфи ўрнига «Ş ş». Лотин алифбосининг аввалги барча версияларида (амалдагисидан ташқари) «Ш» товушини ифодалаш учун шу белгидан фойдаланилган, дейди Ёрқин Одилов. Унинг қўшимча қилишича, «Ş ş» туркий халқлар ёзувига хос. Клавиатурада ушбу ҳарф инглиз алифбосидаги «W» ҳарфи тугмасига жойлаштирилиши мумкин.
