Ижтимоий тармоқларда ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатларни мобил илова орқали рақамли шаклда кўрсатиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалди. Орадан кўп ўтмай, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бунга раддия билан муносабат билдирди.
Бироқ раддияда келтирилган норматив ҳужжат матни билан Lex.uz’даги амалдаги таҳрир ўртасида муҳим фарқ бор. Гап Вазирлар Маҳкамасининг 897-сон қароридаги кичик – «ички ишлар органлари ходимлари томонидан» деган ибора ҳақида кетмоқда.
Айнан шу ибора баҳснинг бутун мазмунини ўзгартириши мумкин.
Баҳс қаердан бошланди?
Бир неча кун аввал «Ўзкомназорат» инспекцияси матбуот котиби Рухсора Машарипова рақамли ҳужжатлар, жумладан, ҳайдовчилик гувоҳномаси мобил илова орқали тақдим этилиши ва унинг қоғоз нусхаси талаб қилинмаслиги ҳақида чиқиш қилди. Шундан сўнг ЙҲХХ расмий каналида раддия бериб, ҳайдовчилар тегишли ҳужжатларнинг асл нусхасини ЙПХ ходимига тақдим этиши шартлигини билдирди. Позициясини асослаш учун эса Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги 897-сон қарорини келтирган.
Аммо масаланинг энг қизиқ жойи ҳам шу ерда бошланади.
897-сон қарорда нима дейилган?
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги 897-сон қарорига кўра, 2025 йил 1 июлдан бошлаб «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси доирасида айрим ҳужжатларнинг унификацияланган рақамли сервислари жорий этилиши белгиланган.
Қарорга мувофиқ, мазкур рақамли сервислардан мобил иловада фойдаланиш имконияти яратилади ва улар Ўзбекистон ҳудудида мажбурий тартибда қабул қилинади.
Шунингдек, қарорда рақамли сервисларда мавжуд ҳужжатларнинг қоғоз нусхалари қатор жойлар ва ҳолатларда талаб этилмаслиги белгиланган.
Амалдаги таҳрирда мазкур қоида қуйидагича баён қилинган:
«…рақамли сервисларнинг қоғоз нусхалари банкларда, нотариал идораларда, аэропортларда ички рейсларни рўйхатдан ўтказишда ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи поездларга чиқишда, давлат, корпоратив ва бошқа юклатилган вазифаларини бажариш ва хизматларни кўрсатиш, шу жумладан, электрон хизмат кўрсатишда ҳамда фуқароларни қабул қилишда тегишли ҳужжатларни тақдим этишни талаб қиладиган давлат органларида, ички ишлар органлари ходимлари томонидан ва бошқа ташкилотларда талаб этилмайди».
Айнан «ички ишлар органлари ходимлари томонидан» деган ибора мазкур баҳснинг марказида турибди.
Жумланинг грамматик тузилишига кўра, бу ибора рақамли сервисда мавжуд ҳужжатнинг қоғоз нусхаси ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳам талаб этилмаслигини англатади.
Қолаверса, қарорда фуқаролар зарур ҳужжатни ўз хоҳишига кўра қоғоз шаклида ёки мобил илова орқали рақамли шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга экани ҳам белгиланган.
897-сон қарорнинг 2-иловасида рақамли сервис жорий этиладиган ҳужжатлар рўйхати келтирилган. Улар орасида ҳайдовчилик гувоҳномаси, транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, мажбурий суғурта полиси ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома ҳам бор.
Демак, гап умумий рақамли ҳужжатлар ҳақида эмас. Қарор йўлда текширув жараёнида талаб қилиниши мумкин бўлган бир қатор ҳужжатларни ҳам қамраб олади.
ЙҲХХ раддиясида нима тушириб қолдирилган?
ЙҲХХ эълон қилган раддияда ҳам 897-сон қарорнинг айнан шу нормасига мурожаат қилинган.
Бироқ Хизмат тайёрлаган лавҳада қарор матнидан «ички ишлар органлари ходимлари томонидан» деган ибора тушириб қолдирилган.

Бу оддий техник қисқартириш эмас. Чунки мазкур сўзлар матнда бўлса, қоғоз нусхани талаб қилмаслик қоидаси ички ишлар органлари ходимларига ҳам тааллуқли экани ҳақида асосли савол туғилади. Ушбу ибора олиб ташланса эса, норма асосан давлат органлари ва бошқа ташкилотларга қаратилгандек кўринади.
Шу боис асосий масала ЙҲХХ қарорни қандай талқин қилганидагина эмас, балки нима учун расмий лавҳада амалдаги матннинг муҳим қисми акс этмаганида ҳамдир.
Бу Lex.uz’да қолиб кетган эски матн эмасми?
Дастлаб шундай эҳтимол ҳам бор эди. Бироқ ҳужжатнинг аввалги ва амалдаги таҳрирлари солиштирилганда, бу тахмин тасдиқланмайди.
2026 йил 21 майда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 271-сон қарори билан 897-сон қарорнинг 3-банди «в» кичик банди учинчи хатбошиси тўлиқ янги таҳрирда баён қилинган.

Айнан шу янги таҳрирда «ички ишлар органлари ходимлари томонидан» деган ибора пайдо бўлган.
Бунгача амал қилган таҳрирда хатбоши охири «…давлат органлари ва бошқа ташкилотларда талаб этилмайди» деган мазмунда бўлган.
271-сон қарор билан киритилган янги таҳрирда эса бу қисм «…давлат органларида, ички ишлар органлари ходимлари томонидан ва бошқа ташкилотларда талаб этилмайди» деб ўзгартирилган.
Шундай экан, Lex.uz’да ҳозир турган матн эски таҳрирдан қолиб кетган жумла эмас. Аксинча, баҳсли ибора 2026 йил 21 майдаги ўзгартириш билан амалдаги матнга киритилган.
ЙҲХХ эски таҳрирдан фойдаланганми?
Эътиборли жиҳати шундаки, ЙҲХХ лавҳасида келтирилган матнда айнан янги таҳрир билан қўшилган «ички ишлар органлари ходимлари томонидан» деган ибора йўқ.
Бу ҳолат икки эҳтимолни ўртага чиқаради.
ЙҲХХ раддия тайёрлашда қарорнинг 2026 йил 21 майгача амал қилган эски таҳриридан фойдаланган бўлиши мумкин. Ёки амалдаги таҳрирдан фойдаланилган, бироқ баҳс учун муҳим бўлган ибора лавҳада тушириб қолдирилган.

Ҳар икки ҳолатда ҳам Хизматдан изоҳ талаб қиладиган савол бор: раддияда нега қарорнинг амалдаги матни тўлиқ келтирилмаган?
Бу электрон ҳужжатни ЙПХ ходимига кўрсатиш мумкин деганими?
897-сон қарорнинг амалдаги матни шундай талқин учун жиддий асос беради.
Биринчидан, рақамли сервислар Ўзбекистон ҳудудида мажбурий тартибда қабул қилиниши белгиланган.
Иккинчидан, фуқарога ҳужжатни ўз хоҳишига кўра қоғоз ёки рақамли шаклда тақдим этиш ҳуқуқи берилган.
Учинчидан, рақамли сервисларнинг қоғоз нусхалари «ички ишлар органлари ходимлари томонидан» талаб этилмаслиги кўрсатилган.
Тўртинчидан эса рақамлаштириладиган ҳужжатлар рўйхатига ҳайдовчилик гувоҳномаси ва транспорт воситасига оид бошқа ҳужжатлар ҳам киритилган.
Бироқ масалага якуний ҳуқуқий баҳо бериш учун йўл ҳаракати соҳасидаги бошқа махсус нормалар ҳам ҳисобга олиниши лозим.
Агар ЙҲХХ ҳайдовчи ЙПХ ходимига ҳужжатнинг асл нусхасини тақдим этиши шарт, деган позицияда бўлса, бу талаб қайси амалдаги нормага асосланаётганини аниқ кўрсатиши керак.
Чунки бундай махсус норма мавжуд бўлса, баҳс айнан шу норма билан 897-сон қарор ўртасидаги ҳуқуқий муносабатга кўчади.
Аммо ЙҲХХ раддиясида бошқа махсус норма эмас, айнан 897-сон қарорга мурожаат қилинган. Шунинг учун раддияда нега ушбу қарорнинг муҳим қисми акс этмагани ҳақидаги савол очиқлигича қолмоқда.
Асосий савол ҳали очиқ
Бу масала атиги бир нечта сўз устидаги баҳсдек кўриниши мумкин. Аслида эса гап фуқаронинг рақамли ҳужжатдан фойдаланиш ҳуқуқи ва давлат органининг амалдаги қонунчилик нормасини қандай қўллаётгани ҳақида кетмоқда.
897-сон қарорнинг амалдаги таҳририда «ички ишлар органлари ходимлари томонидан» деган ибора мавжуд, ЙҲХХ раддиясида эса у йўқ.
Шу сабабли Хизматдан бир саволга аниқ жавоб кутилади: нега раддияда 897-сон қарорнинг амалдаги таҳририда мавжуд бўлган «ички ишлар органлари ходимлари томонидан» деган ибора акс эттирилмаган?
Бу саволга жавоб берилмас экан, ҳайдовчилардан электрон ҳужжатлар ўрнига уларнинг асл нусхаларини талаб қилиш бўйича баҳсга нуқта қўйилди, деб бўлмайди.
Элбек
