Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов 7 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди. Ҳужжат депутатлар томонидан уч ўқишда ҳам бир овоздан қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Унинг эслатишича, алифбо ва имло қоидаларини такомиллаштириш вазифалари президентнинг 2019 йил 21 октябрдаги ва 2020 йил 20 октябрдаги фармонларида белгиланган. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев 2023 йил 5 июнь куни Тошкент сайловчилари билан учрашувда зиёлилар ва кенг жамоатчилик билан муҳокамалардан сўнг алифбони такомиллаштириш ишларини якунига етказиш зарурлигини таъкидлаган.
«Бугун биз кўп йиллар давомида муҳокама қилиниб келинаётган ушбу масаланинг ҳал қилувчи босқичида турибмиз», — деди Фанлар академияси вице-президенти.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги 10 йил давомида бу йўналишда илмий тадқиқотлар ўтказилган, жамоатчиликнинг фикр ва таклифлари ўрганилган, шунингдек, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида илмий конференциялар, семинарлар ва муҳокамалар ташкил этилган.
«Ушбу муҳокамаларда тилшунос олимлар, адиблар, депутатлар, ўқитувчилар, ахборот технологиялари мутахассислари, нашриёт вакиллари, блогерлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этиб, уларнинг таклиф ва мулоҳазалари атрофлича ўрганилди», — деди у.
Баҳром Абдухалимовнинг таъкидлашича, 2023 йил 22 сентябрь ва 18 декабрь кунлари ўтказилган семинарлар якунларига кўра, мутахассислар амалдаги алифбодаги асосан тўртта ҳарф билан боғлиқ муаммолар мавжуд, деган хулосага келган. «Булар o‘, g‘, ch ва sh ҳарфларидир», — деди у.
Маърузачининг сўзларига кўра, ҳозирги алифбодаги апостроф билан ёзиладиган o‘ ва g‘ ҳарфларини компьютерда киритиш учун бир нечта амални бажариш талаб этилади. Бундан ташқари, амалиётда ушбу белгиларнинг ўндан ортиқ турли варианти қўлланилади, бу эса ягона стандартни шакллантиришга тўсқинлик қилади.
«Мазкур белгилар халқаро Unicode стандартларида мустақил ҳарф сифатида мавжуд эмаслиги сабабли ахборот технологиялари, электрон тўлов тизимлари, автоматик таржима, электрон луғатлар ҳамда ўзбек тилини рақамлаштириш жараёнида жиддий техник муаммоларни юзага келтирмоқда», — деди у.
Шунингдек, у ch ва sh қўш ҳарфлари ўзбек тилида жуда фаол қўлланилишини таъкидлади. Мисол сифатида shoshilinch, xushchaqchaq, achchiqtosh сўзларини келтириб, ушбу бирикмаларнинг кетма-кет қўлланилиши ёзиш ва ўқишда қийинчиликлар туғдиришини қайд этди.
«Бу ҳолат имло қоидаларида айрим чалкашликларни келтириб чиқармоқда. Масалан, Is’hoq, As’hobiddin каби сўзлар амалда кўп ҳолларда Ishoq, Ashobiddin тарзида нотўғри ёзилмоқда», — деди Баҳром Абдуҳалимов.
Унинг сўзларига кўра, mo‘tabar, mo‘tadil, mo‘jiza каби сўзларда ҳам o‘ ҳарфидаги вергуль белгиси тутуқ белгиси билан ёнма-ён келмаслиги учун истисно қоидаларини белгилашга тўғри келган.
«Бу каби ҳолатлар аҳолининг саводхонлигига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда», — деди у.
Фанлар академияси вице-президентининг маълум қилишича, мутахассис олимлар «бир товуш — бир ҳарф» тамойилини энг мақбул ечим деб ҳисоблайди. Шу муносабат билан амалдаги алифбодаги тўртта «муаммоли ҳарф»ни ўзгартириш таклиф этилмоқда: Sh ўрнига Ş, Ch ўрнига Ç, Oʻ ўрнига Ö, Gʻ ўрнига Ğ.
«Алоҳида таъкидлаш жоиз дедимки, гап алифбони тубдан ўзгартириш ҳақида эмас, гап мавжуд алифбодаги тўртта муаммоли ҳарфни замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ҳақида бормоқда», — деди у.
Натижада такомиллаштирилган алифбо 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан иборат бўлиши кутилмоқда. Абдуҳалимовнинг айтишича, у қардош халқлар тажрибаси ҳамда умумтуркий алифбо тамойилларига мос келади.
«Таклиф этилаётган Ş, Ç, Ğ ва Ö ҳарфлари турк, озарбайжон, туркман, гагауз, қрим-татар, немис, швед, фин ва венгер каби қатор тилларда муваффақиятли қўлланиб келинмоқда. Бугунги кунда ушбу ҳарфлардан қарийб 300 миллион аҳоли фойдаланади», — деди у.
Унинг қўшимча қилишича, ахборот технологиялари нуқтаи назаридан ушбу ҳарфлар «тўлиқ синовдан ўтган ва халқаро стандартларга мос келади».
Қонун қабул қилинганидан кейин янги имло қоидаларини ишлаб чиқиш, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қонунга мувофиқлаштириш ҳамда ҳукумат томонидан уни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастурини қабул қилиш режалаштирилмоқда.
Баҳром Абдухалимов ислоҳот давлат бюджетига ортиқча юклама юкламаслигини ҳам алоҳида таъкидлади.
«Дарсликлар даврийлиги бўйича режа асосида қайта нашр этилганда, паспорт ва бошқа ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугаганда, миллий валюта ҳамда ташкилотлар ёзувлари табиий равишда янгиланганда такомиллаштирилган алифбо қўлланилади. Яъни, ҳеч қандай мавжуд ҳужжат ёки маҳсулот муддатидан олдин алмаштирилмайди», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, бу ортиқча молиявий харажатларнинг олдини олиш имконини беради.
«Бугун биз фақатгина айрим ҳарфларни ўзгартириш ҳақида қарор қабул қилаётганимиз йўқ. Биз ўзбек тилининг келгуси тараққиёти, унинг рақамли технологиялар билан уйғун ривожланиши, халқимиз учун қулай, замонавий ва миллий хусусиятларимизга мос ёзув тизимини шакллантириш ҳақида қарор қабул қилмоқдамиз», — деди Фанлар академияси вице-президенти.
Қонунчилик палатаси қонунни қабул қилиб, уни Сенатга юборди.
