2026 йилнинг биринчи чораги якунига кўра, Ўзбекистонда 2,9 мингта кўп қаватли турар-жой объекти қурилиш босқичида бўлиб, энг юқори кўрсаткич Самарқанд вилояти, Тошкент шаҳри, Бухоро ва Хоразм вилоятларида қайд этилди.
Марказий банкнинг кўчмас мулк бозори таҳлилига кўра, мамлакатда кўп қаватли уй-жойлар қурилиши нафақат пойтахтда, балки бошқа ҳудудларда ҳам жадаллашмоқда. Бу эса шаҳарлашув жараёнлари кучайиб, аҳолининг уй-жойга бўлган талаби ортиб бораётганидан далолат беради.
Таҳлилга кўра, 13 қаватдан юқори бўлган турар-жой биноларининг энг катта улуши Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади — 36 фоиз. Кейинги ўринларда Навоий вилояти (10 фоиз) ва Самарқанд вилояти (9 фоиз) қайд этилган.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2020–2025 йиллар оралиғида уй хўжаликлари сони Фарғона водийси, Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида энг юқори суръатларда ўсган.
Шу билан бирга, Бухоро, Наманган, Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикасида янги қурилган хонадонлар сони аҳоли эҳтиёжига нисбатан юқори бўлгани сабабли мазкур ҳудудларда уй-жой нархлари нисбатан барқарор сақланган.
Аксинча, Сирдарё, Қашқадарё, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги уй хўжаликлари сони уй-жой таклифидан юқори бўлгани боис нархлар ҳам тезроқ ўсган.
Тошкент шаҳри ва вилоятида кўп сонли янги уйлар қурилганига қарамай, уй-жой нархлари юқори суръатларда ўсиши кузатилган. Мутахассислар бу ҳолатни аҳоли миграцияси, инвестиция мақсадида уй-жой харид қилиш ва аҳоли даромадларининг ўсиши билан изоҳламоқда.