• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда заргарлик буюмлари учун рақамли маркировкалаш жорий этилиши мумкин



Ўзбекистонда қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган заргарлик ҳамда бошқа буюмларни босқичма-босқич мажбурий рақамли маркировкалаш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида айтилган.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, ташаббуснинг асосий мақсади қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмлари айланмаси ҳисобини юритиш ва бу соҳада назорат механизмларини такомиллаштириш, ноқонуний айланмасини олдини олиш ҳамда аҳолини сифатли ва ишончли маҳсулотлар билан таъминлашдан иборат.

Лойиҳада заргарлик буюмларини рақамли маркировкалаш бўйича тажриба-синов лойиҳасини 2027 йил 30 декабргача амалга ошириш таклиф этилган. Синов босқичи якунлангач, мажбурий маркировкалаш бир неча босқичда жорий этилади.

Хусусан, 2028 йил 1 июлга қадар мажбурий рақамли маркировкалаш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилиши режалаштирилган.

2029 йил 1 январдан бошлаб заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва импорт қилиш билан шуғулланувчи барча тадбиркорлик субъектлари учун мажбурий рақамли маркировкалаш жорий этилиши таклиф қилинмоқда. Шу йилнинг 1 апрелидан эса мазкур талаб чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорларга ҳам татбиқ этилади.

Лойиҳада қайд этилишича, тажриба-синов ва кейинги босқичлардаги рақамли маркировкалаш оператори этиб «Asl belgisi» маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизими оператори — «CRPT TURON» МЧЖ белгиланиши режалаштирилган. Заргарлик буюмларининг маркировкаси ва уларнинг бутун айланмасига оид маълумотлар «Asl belgisi» ахборот тизимида жамланади ва қайта ишланади.

Лойиҳага мувофиқ, тажриба-синов босқичида «Gold Moon Tashkent», «Sofizar», «Merrit Jewellery» ва «Termez Gold Production» компаниялари иштирок этади. Маркировка кодлари уларга бепул тақдим этилади, бироқ зарур ускуналар ва дастурий таъминотни корхоналар ўз маблағлари ҳисобидан харид қилади.

Шунингдек, синов даврида маркировкалаш талабларини бузган тадбиркорларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмаслиги таклиф этилган.

Лойиҳага илова қилинган вақтинчалик низомга кўра, иштирокчилар «Asl belgisi» ахборот тизимида рўйхатдан ўтиши, электрон рақамли имзога эга бўлиши, электрон ҳужжат айланмаси билан ишлай оладиган компьютер тизими ва интернетга уланган инфратузилмага эга бўлиши лозим. Ишлаб чиқарувчилар ва импортчилардан эса маҳсулотларни рақамли идентификация воситалари билан маркировкалаш учун зарур ускуналар ҳам талаб этилади.

Заргарлик буюмлари ҳақидаги маълумотлар аввал «Asl belgisi» тизимидаги махсус каталогга киритилади. Бунинг учун ишлаб чиқарувчи ёки импортчи маҳсулотнинг номи, GS1 коди, оғирлиги, тавсифи, ТИФ ТН коди, фотосуратлари, ишлаб чиқарувчи ва ишлаб чиқарилган мамлакат ҳақидаги маълумотларни тақдим этади. Оператор аризани беш иш куни ичида кўриб чиқади.

Низомга мувофиқ, ҳар бир буюмга ёки унинг биркасига GS1 DataMatrix форматидаги икки ўлчовли штрих-код кўринишида рақамли идентификация воситаси жойлаштирилади. Ишлаб чиқарувчилар кодларни ишлаб чиқариш жараёнида, импортчилар эса маҳсулот Ўзбекистонга олиб кирилишидан олдин ёки божхона расмийлаштирувига қадар қўллайди.

Маркировкаланган маҳсулотларнинг бутун ҳаракати «Asl belgisi» тизими орқали кузатиб борилади. Маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи, импортчи, улгуржи ва чакана савдо субъектлари ўртасида ҳаракатланганда электрон ҳисобварақ-фактуралар орқали қайд этилади, чакана савдода эса назорат-касса техникаси орқали муомаладан чиққанлиги автоматик рўйхатга олинади.

Истеъмолчилар эса «Asl belgisi» ва «Soliq» мобил иловалари орқали маҳсулотнинг ҳақиқийлигини текшириши, унинг келиб чиқиши ҳақида маълумот олиши ҳамда аниқланган номутаносибликлар юзасидан хабар юбориши мумкин бўлади.

Ҳужжат лойиҳасининг муҳокамаси 21 июлга қадар давом этади.

Маркировкалаш

Ўзбекистонда маҳсулотларни рақамли маркировкалаш ва кузатиб бориш тизими 2019 йилдан жорий этила бошланган. Дастлаб тамаки ва алкоголь маҳсулотлари, кейинчалик дори воситалари ҳамда маиший техника воситалари мазкур тизимга киритилган. Тизимнинг эксклюзив оператори — CRPT Turon.

Компания Россиядаги «Честный знак» товарларни маркировкалаш тизимининг ягона оператори ҳисобланган Перспектив технологияларни ривожлантириш маркази томонидан ташкил этилган. Ҳозирда компания акциялари Digital Holding ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли. Digital Holding эса тадбиркор Алишер Усмонов билан боғлиқ компаниялар томонидан назорат қилинади.

Сув ва ичимликлар учун маркировкани жорий этиш муддати бизнес вакилларининг эътирозлари ҳамда соҳадаги муаммолар сабаб бир неча бор кечиктирилган. Аввал 2022 йил октябридан 2023 йил 1 июлга, кейин 2024 йил 1 мартга кўчирилган бўлса, сўнгги марта ушбу талабни жорий этиш муддати 2027 йил 1 апрелга қадар узайтирилган.

Аввалроқ маиший ва автомобиль кимё воситалари ишлаб чиқарувчиси BCG Group OZ контрафакт сабаб Ўзбекистонда шу турдаги маҳсулотларга мажбурий маркировка жорий этишни таклиф қилганди. Компания директори Татяна Рубцова ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлагани учун президентга миннатдорлик билдирган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *