Шавкат Мирзиёев Беларусь президенти Александр Лукашенконинг таклифига биноан 8−9 июль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф дастурига мувофиқ, Минск шаҳрида олий даражадаги музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган. Унда Ўзбекистон — Беларусь кўп қиррали шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, енгил саноат, озиқ-овқат ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперацияни ривожлантириш масалалари диққат марказида бўлади, дейилади хабарда.
Шунингдек, маданий-гуманитар алмашинув дастурларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Саммит якунида устувор йўналишларга доир икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини қабул қилиш режалаштирилган.
Ташриф арафасида Минск шаҳрида икки мамлакат ҳудудлари делегациялари ва ишбилармон доиралари иштирокида учинчи Ҳудудлараро форум ҳам бўлиб ўтади.
Шавкат Мирзиёев 2025 йил июнь ойида амалий ташриф билан Беларусга борганди.
