• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Қўқон ҳолваси» ҳам расман патентланди


Фарғона вилоятига хос бўлган «Қўқон ҳолваси» Адлия вазирлиги томонидан географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу билан маҳсулотнинг тарихи, ўзига хос хусусиятлари ва анъанавий тайёрлаш технологияси ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинади.

Тарихий манбаларга кўра, Қўқон шаҳри қадимдан ҳунармандчилик ва миллий қандолатчилик ривожланган марказлардан бири ҳисобланади. Ана шу ҳудудда шаклланган Қўқон ҳолваси ўзининг тайёрланиш услуби, бетакрор таъми ва сифати билан нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам эътироф этилган.

Мазкур мақом «Қўқон ҳолваси» номидан қонунчиликка зид равишда фойдаланишнинг олдини олиш, анъанавий ишлаб чиқариш технологиясини асраб қолиш ва маҳсулот сифатига қўйиладиган талабларни мустаҳкамлаш имконини беради.

Шу билан бирга, географик кўрсаткич маҳсулотнинг айнан муайян ҳудуд билан боғлиқлиги, унинг сифати ва машҳурлиги табиий-иқлимий ҳамда ижтимоий-маданий омиллар таъсирида шаклланганини тасдиқловчи интеллектуал мулк объекти ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Андижон девзира оши» ва «Тошкент тўй оши» Адлия вазирлиги томонидан географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *