6 июль оқшомида Эрон ҳарбийлари Ҳурмуз бўғозидан ўтаётган савдо кемаларига қарата камида иккита ракета зарбаси йўллади, деб хабар бермоқда Axios АҚШнинг икки нафар юқори мартабали манбасига таяниб.
Ҳужумлар ҳақидаги хабарлар АҚШ ва Эрон ўртасида тахминан уч ҳафта олдин имзоланган ўзаро англашув меморандумини хавф остида қолдирмоқда, деб ёзади нашр. Ҳужжатга кўра, Теҳрон Ҳурмуз бўғозидаги ҳужумларни тўхтатишга розилик берганди.
Axios маълумотларига кўра, ҳужумлар АҚШ ва Эрон ўртасида Ҳурмуз бўғозидаги зарбаларни тўхтатиб туриш бўйича бир ҳафталик келишув муддати тугаганидан сўнг амалга оширилган. АҚШ, катта эҳтимол билан, Эрон нишонларига зарба бериш орқали жавоб қайтаради, деб қайд этди нашр.
Axios манбаларининг сўзларига кўра, ҳужумга учраган ҳар икки кема жиддий шикастланган, бироқ қурбонлар йўқ.
Wall Street Journal нашрининг маълумотларига кўра, ҳужумга учраган кемалардан бири суюлтирилган табиий газ ташиётган Қатарнинг Al Rekayyat танкери бўлиши мумкин. Кеманинг чап бортига зарба берилган ва машина бўлинмасида ёнғин чиққан. Ҳужум танкер Уммон қўлтиғида, бўғозга кириш қисмида турган пайтда содир бўлган.
Эроннинг IRIB давлат телерадиокомпанияси танкер Эрон томонидан берилган бир неча огоҳлантиришларни эътиборсиз қолдирганидан сўнг ҳужумга учраганини маълум қилди.
Янги ҳужумлар Ҳурмуз бўғозида кемалар қатнови эндигина тиклана бошлаган бир пайтда юз берди. Вазиятнинг кескинлашуви АҚШ-Эрон музокараларини мураккаблаштириши мумкин, деб қайд этди WSJ.
Июнь ойида АҚШ ва Эрон урушни тугатиш ва Ҳурмуз бўғозини блокададан чиқаришни назарда тутувчи ўзаро англашув меморандумини имзолаганди. Ҳужжатга президентлар Дональд Трамп ва Масъуд Пезешкиён имзо чеккан. Меморандумга кўра, якуний келишув 60 кун ичида Вашингтон ва Теҳрон ўртасида воситачилар иштирокида ўтадиган музокаралар давомида мувофиқлаштирилиши керак.
Ўтган ҳафтада Қатарда билвосита музокараларнинг навбатдаги раунди якунланди, бироқ якуний келишувни мувофиқлаштиришда ҳеч қандай силжиш аломатлари кузатилмаяпти, деб қайд этди Reuters.
6 июль куни АҚШ президенти, агар келишувга эришилмаса, Эронга қарши яна ҳарбий ҳаракатлар билан таҳдид қилди. «Биз ё келишув тузамиз, ёки ишни охиригача етказамиз… Биз уларнинг кўприкларини бир соат ичида вайрон қила оламиз, уларнинг энергия таъминотини ишдан чиқаришимиз мумкин», — деди Трамп Овал кабинетда журналистларга.
Бунга жавобан Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи меморандум шартларига кўра, агар таҳдидлар давом этадиган бўлса, якуний келишув бўйича музокаралар «бошланмаслигини» маълум қилди. У АҚШни ўз президенти имзо чеккан шартнома шартларига риоя қилишга чақирди.