Париж апелляция суди ўнг қанот «Миллий бирлашув» партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Марин Ле Пенга нисбатан Европа парламенти маблағларини мақсадсиз сарфлаганлик иши бўйича айблов ҳукмини ўз кучида қолдирди, бироқ унинг жазосини енгиллаштирди ва сайловларда қатнашиш тақиқи муддатини қисқартирди, деб хабар бермоқда Le Monde.
Ле Пен 100 минг евро миқдоридаги жаримага ва уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Жазонинг икки йили шартли, бир йилини эса у уйида электрон браслет таққан ҳолда ўташи керак. Суд, шунингдек, унинг ҳокимият органларига сайланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддатини беш йилдан 45 ойгача қисқартирди, бу муддатнинг 30 ойи шартли этиб белгиланди.
Le Monde нашрининг қайд этишича, Ле Пен сайланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича 45 ойлик тақиқнинг шартли бўлмаган қисмини ўтаб бўлган, чунки муддатни ҳисоблаш қуйи инстанция суди ҳукм чиқарган 2025 йил 31 мартдан бошланган.
Ле Пеннинг президентликка ўз номзодини қўйиш-қўймаслиги сўроқ остида қолмоқда, деб ёзади нашр. Суд қароридан олдин сиёсатчи бир неча бор электрон браслет билан сайловолди кампаниясини олиб бормаслигини айтган эди. 7 июль оқшомида Ле Пеннинг телевидение орқали чиқиш қилиши кутилмоқда.
2025 йил март ойида Париж суди Марин Ле Пенни Европа парламенти маблағларини мақсадсиз сарфлаганликда айбдор деб топганди. Айбловга кўра, Ле Пен ва «Миллий бирлашув» партиясининг бошқа аъзолари Европарламент депутатларига ажратиладиган фиктив ёрдамчиларни ишга ёллаган. Бу ёрдамчилар аслида Францияда партия манфаатлари йўлида фаолият юритган ва Европарламент фаолиятига алоқаси бўлмаган вазифаларни бажарган. Ўшанда Ле Пеннинг беш йил давомида ҳокимият органларига сайланиши тақиқланганди, бу эса уни 2027 йилдаги президентлик сайловларида иштирок этиш имкониятидан маҳрум қиларди.
Ле Пен уч марта президентликка ўз номзодини қўйган (2012, 2017 ва 2022 йилларда) ва 2027 йилги кампанияда ҳам қатнашишни режалаштириб, бу унинг сўнгги уриниши бўлишини айтганди. Суд ҳукми чиқарилган вақтда сиёсатчи сайловолди жамоатчилик фикри сўровномаларида фаворит бўлиб турган эди.
