Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувининг ягона интеграциялашган рақамли платформасини жорий этиш бўйича таклифлар билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
Президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда давлат бошқарувидаги маълумотлар базалари ва ахборот тизимлари ҳар бир идора томонидан алоҳида, тарқоқ ҳолда шакллантирилаётгани, маълумотларни таҳлил қилиш ва қарорлар қабул қилишда ягона ёндашув етишмаётгани таъкидланди.
Платформа ҳудудлар иқтисодиёти, инвестициялар, экология, хавфсизлик, аҳоли муаммолари, маҳаллаларнинг фаровонлик даражасига оид маълумотларни, шунингдек, геофазовий маълумотлар, объектлар ҳақидаги хабарлар ва картографик қатламларни бирлаштириши лозим.
Кутилишича, платформа сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда маълумотларни таҳлил қилиш, ҳудудлар кесимидаги муаммоларни олдиндан аниқлаш, қабул қилинган қарорлар ижросини кузатиб бориш, ресурсларни самаралироқ тақсимлаш ва давлат бошқаруви сифатини ошириш имконини беради.
Президент ушбу тизимни жорий йилнинг ўзида Тошкент шаҳрида, келгуси йилдан бошлаб эса мамлакатнинг барча ҳудудларида жорий этиш бўйича топшириқ берди.
Тақдимотда товар ва хизматларни классификациялашнинг ягона миллий тизимини ишга тушириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ҳозирда божхона, солиқ, статистика ва бошқа идоралар товарлар учун турли классификаторлардан фойдаланмоқда, бу эса, таъкидланганидек, бизнес харажатларини оширади, ҳисоботларнинг аниқлигини камайтиради ва идоралараро маълумот алмашинувини қийинлаштиради.
Ягона классификация тизими тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириши, давлат органлари ўртасида маълумот алмашинувини соддалаштириши ва статистик ҳисоботларнинг аниқлигини ошириши лозим.
Бундан ташқари, президентга миллий навигация тизимини яратиш ташаббуси ҳам тақдим этилди.
Ҳозирда мамлакатда асосан хорижий навигация платформаларидан фойдаланилмоқда. Миллий тизим эса геомаълумотларни ягона стандарт асосида шакллантириш ҳамда транспорт, логистика, фавқулодда хизматлар, шаҳарсозлик ва давлат хизматлари кўрсатиш фаолиятини яхшилаш имконини бериши кутилмоқда.
Давлат раҳбари таклифларни маъқуллади ҳамда давлат органларининг маълумотларини интеграция қилиш, рақамли хизматлар сифатини ошириш, киберхавфсизликни таъминлаш ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича топшириқлар берди.