Шавкат Мирзиёев телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ва соҳада бизнес муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Йиғилишда тақдим этилган маълумотларга кўра, сўнгги йилларда аҳоли пунктларини телекоммуникация хизматлари билан қамраб олиш даражаси 41 фоиздан 98 фоизгача ўсди, интернетнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти эса 65 баробарга ошди.

Шу билан бирга, телекоммуникация бизнеси маҳаллий тадбиркорлар учун ҳали етарлича жозибадор бўлмай қолаётгани, чекка ҳудудларда эса симли интернет фойдаланувчиларининг улуши жуда пастлигича қолаётгани таъкидланди.

Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида телекоммуникация тармоқларини лойиҳалаш ва қуриш бўйича лицензиянинг икки турини бирлаштириш, лицензия бериш муддатини эса 25 иш кунидан 10 иш кунигача қисқартириш таклиф этилди.

Шунингдек, кўп квартирали уйларни юқори тезликдаги интернетга уланишни ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаш ва қуриш талабини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу оптик толали алоқа инфратузилмасини ҳали қурилиш босқичидаёқ кўзда тутиш ва аҳолини сифатли рақамли хизматлар билан таъминлаш имконини беради.

Телекоммуникация соҳасида тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларга «Келажак тадбиркори» дастури доирасида 15 фоизлик ставкада, 2 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга 530 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратиш таклиф этилди.

Чекка ва бориш қийин бўлган ҳудудларда фаолият юритаётган тадбиркорлар учун эса имтиёзли тариф режаларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди.