7 июль куни Шавкат Мирзиёев IT хизматлар экспортини ва стартаплар экотизимини ривожлантириш режалари билан танишди, деб хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
2030 йилга бориб Ўзбекистонда IT хизматлар экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш, 5000 та фаолият юритаётган стартап яратиш ва 2 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Тақдимотда қайд этилишича, StartupBlink халқаро рейтингида Ўзбекистон 31 поғонага кўтарилиб, дунёдаги энг тез ривожланаётган стартап экотизими деб топилди. Тошкент Марказий Осиё шаҳарлари орасида биринчи ўринни эгаллади, Самарқанд ва Фарғона эса илк бор дунёнинг топ 1000 стартап шаҳарлари рўйхатига кирди.
Соҳани ривожлантириш учун Talent Hub дастурини ишга тушириш таклиф этилмоқда. У хорижлик мутахассислар ва инвесторларга корхонани масофавий тарзда рўйхатдан ўтказиш, банк ҳисобрақами очиш ва халқаро банк картасини расмийлаштириш имконини бериши лозим.
IT Park резидент-компаниялари ходимлари учун солиқ имтиёзларини 2040 йилгача узайтириш ҳамда IT Visa ва Zero Risk дастурларини кенгайтириш ҳам таклиф этилди.
IT хизматлар экспорти билан шуғулланувчи корхоналар учун қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари кўзда тутилмоқда. Улар қаторига иш ҳақи тўлаш харажатларини, хорижлик буюртмачилар ва мутахассисларни релокация қилиш билан боғлиқ сарф-харажатларни қисман қоплаш, шунингдек, халқаро сертификат олиш қийматини компенсация қилиш киради.
Бундан ташқари, Бухоро ва Фарғонада 20 дан ортиқ стартап учун акселерация дастурини ишга тушириш ҳамда ўзбек стартапларини йирик халқаро бозорларга олиб чиқиш бўйича таклифлар тақдим этилди.
Президент таклифларни маъқуллади ва соҳада хусусий сектор учун янада қулай шароитлар яратиш бўйича топшириқ берди.
