• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Қозоғистон Конституциявий суди Тоқаевга яна президентликка ўз номзодини қўйишга рухсат берди


Қозоғистоннинг 1 июлдан кучга кирган янги Конституцияси мамлакатнинг амалдаги президенти, аввалги конституция амал қилган даврда сайланган Қасим-Жомарт Тоқаевга сайловларда яна ўз номзодини қўйиш имконини беради. Бу ҳақда Конституциявий суднинг президент мурожаатини кўриб чиқиш якунлари бўйича чиқарган қарорида сўз бормоқда.

Конституциявий суд маълумотларига кўра, давлат раҳбари эски Конституцияга (1995 йил 30 августдаги) мувофиқ лавозимни эгаллаб турган шахслар янги Конституция (2026 йил 15 мартдаги) бўйича президент, Конституциявий суд раиси, Олий суд раиси, бош прокурор лавозимларига сайланиши ёки тайинланиши мумкинми-йўқми, деган масалага ойдинлик киритишни сўраб мурожаат қилган.

«Президент мурожаатини кўриб чиқиш якунларига кўра, Конституциявий суд расмий шарҳ берди: 2026 йилги Конституциянинг 43-моддаси 1-банди, 72-моддаси 2 ва 3-бандлари, 83-моддаси 1-банди ва 84-моддаси 3-бандини шундай тушуниш керакки, 1995 йилги Конституцияга мувофиқ ушбу конституциявий нормаларда кўрсатилган лавозимларни эгаллаб турган шахслар 2026 йилги Конституция кучга кирганидан кейин тегишли лавозимларга сайланиши ёки тайинланиши мумкин», — дейилади КС қарорида.

Конституциявий суд «бундай шахсларнинг 2026 йилги Конституция кучга кирганидан кейин тегишли лавозимларга тайинланиши биринчи марта сайланиш ёки тайинланиш сифатида қаралишини» таъкидлади.

73 ёшли Қасим-Жомарт Тоқаев 2019 йил 20 мартда Нурсултон Назарбоев истеъфога чиққанидан сўнг Қозоғистон президенти лавозимига киришганди.

2022 йил сентябрь ойида Тоқаевнинг ташаббуси билан Қозоғистон қонунчилигига ўзгартиришлар киритилиб, унга кўра давлат раҳбарининг ваколат муддати қайта сайланиш ҳуқуқисиз етти йил этиб белгиланганди. Бу норма янги Конституцияда ҳам сақланиб қолган. Бироқ Конституциявий суднинг тушунтиришидан келиб чиқадиган бўлсак, ушбу қоидаларни қўллашда 1995 йилги Конституция бўйича аввалги лавозимда бўлиш, сайланиш ва тайинланиш муддатлари ҳисобга олинмайди, деб қайд этди Tengri News.

2022 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган муддатидан олдинги президентлик сайловларида Тоқаев 81,31 фоиз овоз олиб, қайта сайланганди. Аввалги Конституцияга кўра, унинг ваколат муддати 2029 йилда тугайди.

2026 йил март ойида бўлиб ўтган конституциявий референдумдан сўнг Тоқаев навбатдаги давлат раҳбари сайловлари белгиланганидек 2029 йилда бўлиб ўтишини маълум қилганди. Бундан бир йил аввал эса у ўзининг амалдаги етти йиллик муддати якунлангач, лавозимини тарк этишини айтган. «Мен ҳар қандай мамлакатнинг, биринчи навбатда, ўз мамлакатимнинг президенти Худонинг ердаги сояси эмас, балки давлат менежери эканига ишонаман», — деганди у ўшанда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *