Охирги беш йилда Ўзбекистонда наркожиноятлар сони 2,5 баробарга ошди. Бу ҳақда 25 июнь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўз борди, деб хабар бермоқда Gazeta мухбири.
«Вазият ташвишли»
Наркотиклар ва ўқ-дориларни назорат қилиш агентлиги раҳбари Фарҳод Ҳасановга кўра, гиёҳвандлик ва наркожиноятлар билан боғлиқ ҳолатлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун тобора жиддий хавфга айланмоқда. Айниқса, наркотиклар савдоси трансмиллий, технологияларга таянган ва яширин шаклга ўтаётгани хавотир уйғотяпти.
Унинг таъкидлашича, жиноий гуруҳлар ижтимоий тармоқлар, криптовалюталар ва электрон тўлов тизимларидан кенг фойдаланмоқда.
Фарҳод Ҳасанов.
«Таҳлиллар вазиятнинг нақадар ташвишли эканини яққол кўрсатади. Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда наркожиноятлар қарийб 2,5 баробарга ошди. Агар 2021 йилда 6 мингта шундай жиноят аниқланган бўлса, ҳозир уларнинг сони 15 мингдан зиёдни ташкил этади. Ноқонуний муомаладан олинган наркотиклар икки баробар, синтетик гиёҳвандлик воситалари эса 7 бараварга кескин кўпайди», — дейди агентлик раҳбари.
Унинг айтишича, сўнгги йилларда мамлакатда ноқонуний нарколабораториялар ҳам кўпаймоқда. Агар 2021 йилда республика бўйича 4 та нарколаборатория фаолияти аниқланган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки беш ойидаёқ уларнинг 14 тасига чек қўйилган.
Фарҳод Ҳасановнинг таъкидлашича, фош этилаётган нарколабораториялар кўп ҳолларда аҳоли яшайдиган ҳудудларда фаолият юритмоқда.
«Очиғини айтишимиз керак, жорий йилда аниқланган 14 та нарколаборатория қаерда жойлашган? Маҳаллаларда, кўчаларда ва кўп қаватли уйларнинг ертўласида. Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти билан айримларига шахсан борганмиз. Ертўлада бемалол фаолият юритяпти, аммо ўша «дом»нинг ўзида ўнта квартира, йигирмадан ортиқ аҳоли яшайди. Нега бефарқ? Ахир эртага бу иллат уларнинг хонадонига ҳам кириб келиши мумкин-ку», — дейди у.
Унинг қайд этишича, нарколабораториялар хусусий уйларда ҳам ташкил этилаётган ҳолатлар кузатилмоқда.
«Тўрт-беш ойлаб нотаниш одамлар ижарада яшайди, аммо бу ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ана шундай уйларда ҳам лабораториялар фаолият юритган. Масалан, Андижонда жуда йирик миқдорда наркотик ишлаб чиқариш йўлга қўйилган ҳолатни аниқладик. У ерда ҳам қўшнилар, маҳалла бўлган», — дейди агентлик раҳбари.
Фарҳод Ҳасановга кўра, гиёҳвандликка қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг саъй-ҳаракатлари етарли эмас, жамоатчиликнинг фаол иштироки ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
«Нарколабораторияларини аниқлашга ёрдам берадиган бир қатор ташқи белгилар бор. Агар шу маълумотларни кенг жамоатчиликка етказсак, фуқаролар ҳам бундай ҳолатларга бефарқ бўлмайди. Фақат „маҳалла еттилиги“ ёки профилактика инспектори билан чекланиб қолсак, барибир баъзи ҳолатлар назардан четда қолади», — дейди у.
«Барчамиз буни давлатимиз келажаги деб қабул қилиб, ёшларимизни ушбу иллатдан асрасак, эртага улар тадбиркор, спортчи ёки мамлакат тараққиётига ҳисса қўшадиган мутахассислар бўлиб етишади. Бу орқали давлатимиз келажагига ҳам пойдевор қўйган бўламиз», — дея қўшимча қилди Фарҳод Ҳасанов.
«Кунига 20−30 нафар шахс ушланяпти»
Агентлик раҳбарининг таъкидлашича, гиёҳвандликка қарши кураш доирасида ҳар куни ўнлаб тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.
«Ўртача 70 тадан ортиқ тезкор тадбир амалга оширилади. Натижада кунига 20−30 нафардан зиёд шахс ушланади. Шунингдек, ҳар куни ўртача 14 килограмм гиёҳвандлик воситаси ноқонуний муомаладан олиб қўйилмоқда. Охирги йилларда анъанавий наркотиклар ўрнини синтетик психотроп моддалар эгаллаб боряпти. Жиноий гуруҳлар уларнинг формуласини ўзгартириб, турли кўринишларда мамлакатга олиб киришга уринишяпти», — дейди Ҳасанов.
Унинг қайд этишича, контрабандачилар наркотикларни яшириш учун тобора мураккаб усуллардан фойдаланмоқда.
«Кеча ҳам ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди. Контрабандачилар наркотикларни ёнғоқ ичига, журнал саҳифаларига, қўғирчоқлар ичига яшириб олиб киришга уринмоқда. Улар турли усулларни қўллаяпти, лекин бу ҳолатлар ўз вақтида аниқланяпти», — дейди у.
Унинг фикрича, бундай ҳолатларнинг фош этилаётгани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг малакаси ва тайёргарлиги ошганидан далолат беради. Шу билан бирга, агентлик раҳбари гиёҳвандликка қарши профилактика ишларида ҳали ҳам жиддий муаммолар сақланиб қолаётганини тан олди.
«Энг катта муаммомиз — аҳолида наркотик жиноятларга қарши иммунитетни шакллантириш. Очиғини айтиш керак, тарғибот ва тушунтириш ишларимиз ҳали ҳаммага етиб бормаяпти. Бу аччиқ бўлса ҳам, ҳақиқат», — дейди Фарҳод Ҳасанов.
Ҳасановнинг маълум қилишича, интернет орқали наркотиклар савдосига қарши кураш ҳам кучайтирилган.
Унинг айтишича, жорий йилнинг ўзида 1818 та канал ва бот блокланган. Улар орасида 576 та Telegram бот, 965 та ёпиқ канал ҳамда 277 та очиқ канал бор.
«Бу йўналишда ваколатли идоралар тизимли иш олиб боряпти. Блокланган канал ва ботларнинг ўзида 612 мингдан ортиқ обуначи бўлган. Улар тарқатиб юборилди, аммо интернетда наркотиклар савдосига қарши кураш давом этмоқда», — дейди у.
«12−14 ёшлилар ҳам наркожиноятларга жалб қилинмоқда»
Фарҳод Ҳасанов яна бир тенденцияга эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, наркотик жиноятлар тобора «ёшармоқда».
«Бугун 12−14 ёшли ўсмирларнинг ҳам бундай жиноятларга аралашиб қолаётганини кўряпмиз. Бу жиноят айнан ёшларни нишонга олди десак, муболаға бўлмайди», — деди у.
Агентлик раҳбарининг таъкидлашича, бу вазият нафақат давлат идоралари, балки бутун жамоатчиликни ҳам ташвишга солиши лозим. Шу мақсадда жорий йил бошидан аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларда гиёҳвандликка қарши иммунитетни шакллантиришга қаратилган тарғибот ишлари олиб борилган. Ўтган давр мобайнида 568 мингдан ортиқ тарғибот тадбири ташкил этилган бўлиб, уларда 12 миллиондан зиёд аҳоли иштирок этган.
Фарҳод Ҳасановнинг айтишича, ҳар бир наркотик жиноят таҳлил қилинганда, ёшларнинг катта қисми жавобгарликни англамаган ҳолда қонунбузарликка қўл ураётгани маълум бўлмоқда.
«Кўплаб ёшлар бу қилмиш учун жиноий жавобгарлик борлигини билмайди. Бу эса қонунчилик ҳақидаги билим етишмаслигидан далолат беради», — дейди у.
Унинг таъкидлашича, бу ҳолатдан уюшган жиноий гуруҳлар фаол фойдаланмоқда.
«Улар ижтимоий тармоқлардаги сохта аккаунтлар орқали ёшларни алдайди, турли ваъдалар билан уларни наркотиклар савдоси ёки тарқатишга жалб қилади. Биз айнан шу таҳлиллардан келиб чиқиб, ёшларда гиёҳвандликка қарши иммунитетни шакллантириш бўйича қаердадир бўшлиқ борлигини кўрдик ва шу асосда манзилли чора-тадбирларни белгиладик», — деди агентлик раҳбари.
Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ўринбосари Абдулазиз Мўминовнинг айтишича, ёшларнинг гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларга жалб этилиши сабабларини ўрганиш бўйича махсус тадқиқотлар ўтказилган.

Абдулазиз Мўминов. / Фото: Facebook
«Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, 16−22 ёш оралиғи ёшларда қизиқувчанлик энг юқори бўладиган давр ҳисобланади. Айрим ёшлар ўртоқларининг таъсирида агрессияни йўқотиш мақсадида гиёҳванд моддани бир марта татиб кўриш орқали бу оқимга кириб қолади. Кейин эса ўзи ҳам бошқаларни жалб қилувчига айланиб қолади», — дейди у.
Мўминовнинг сўзларига кўра, наркотиклар тарқатиш билан шуғулланишнинг яна бир сабаби иқтисодий омиллар ҳисобланади. «Айрим ёшлар моддий қийинчилик сабабли тарғиботчига ёки „закладчик“ сифатида ишлашга рози бўлади», — деди агентлик вакили.
Шу билан бирга, у гиёҳвандлик жиноятлари фақат ишсизлар орасида эмаслигини таъкидлади.
«Биз Хоразм вилоятида ва Қўқон шаҳрида жиноятчилик муҳокамаларини ўтказдик. Кўпчилик жиноятнинг асосий сабаби ишсизликда деб ҳисоблайди. Лекин таҳлиллар бошқача натижа берди: наркожиноятларга аралашган ёшларнинг 92 фоизи ишли, банд аҳоли экани маълум бўлди. Яъни уларнинг даромади ҳам, иш жойи ҳам бор», — дейди Абдулазиз Мўминов.
У ижтимоий тармоқларда наркотиклар савдосига қарши кураш усуллари ҳам ўзгариб бораётганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, аввал наркотиклар савдоси асосан Telegram ва WhatsApp гуруҳлари орқали ташкил этилган бўлса, ҳозирда жиноий гуруҳлар ботлардан фойдаланишга ўтган.
«Мактабларда хавфсизлик отрядлари ташкил этилган»
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи Хушвақт Ураловнинг маълум қилишича, 2026 йилнинг январь-май ойларида наркотиклар билан боғлиқ қарийб 5700 та жиноят аниқланган. Бу ҳолатларнинг 94 фоизи эркаклар томонидан содир этилган.

Хушвақт Уралов.
«Жиноятлар кўпайиб кетаётгани йўқ. Бугун давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар биргаликда ишлаётгани натижасида бундай жиноятларни аниқлаш самарадорлиги ошди», — дейди у.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакили Аъзам Бекпулатовнинг айтишича, 2026 йилнинг беш ойида 53 нафар мактаб ўқувчиси наркотиклар билан боғлиқ жиноятларда иштирок этгани аниқланган.

Аъзам Бекпулатов.
Унинг сўзларига кўра, энг кўп ҳолатлар Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида қайд этилган бўлиб, ушбу икки ҳудуд ҳиссасига 11 тадан, жами 22 та ҳолат тўғри келади. Шунингдек, Фарғона ва Андижон вилоятларида ҳам юқори кўрсаткичлар кузатилган.
Аъзам Бекпулатовнинг қайд этишича, ИИВ билан ҳамкорликда ҳар бир мактабда аноним хабар қутиси ўрнатилган бўлиб, ўқувчилар ва педагогларга ундан фойдаланиш тартиби тушунтирилган.
«Бу орқали ўқувчилар наркотик моддаларни тарқатиш, «закладчик»лик, истеъмол қилиш ёки шунга ўхшаш ҳолатлар ҳақида ўз шахсини ошкор этмаган ҳолда хабар бериши мумкин», — дейди у.
Унинг таъкидлашича, барча мактабларда юқори синф ўқувчиларидан иборат, ҳар бири 20 нафаргача аъзони қамраб олган волонтёрлик асосидаги «хавфсизлик отрядлари» ҳам ташкил этилган. Бу отрядлар мактабдаги хавфли ҳолатлар ҳақида таълим муассасаси раҳбарияти, тегишли идоралар ва ота-оналарни ўз вақтида хабардор қилишга кўмаклашади.
«Профессор-ўқитувчилар ҳам наркожиноятга аралашиб қолган»
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бош мутахассиси Алишер Исломовнинг маълум қилишича, 2025 йилда 56 нафар талаба наркожиноятга қўл урган бўлса, 2026 йилнинг олти ойида бу кўрсаткич 12 нафарни ташкил этган. У буни «аянчли ҳолат» деб баҳолади.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда олий таълим муассасаларида 200 дан ортиқ инспектор фаолият юритмоқда. Шунингдек, тьюторлар, психологлар, ота-оналар ва маҳалла институтлари билан ҳамкорликда талабалар турар жойлари ҳамда ижара хонодонларида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Алишер Исломовнинг айтишича, 12 та ҳолат таҳлил қилинган. Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкум талабалар билан ўтказилган суҳбатлар шуни кўрсатганки, уларнинг аксарияти қилмишининг жиноят эканини англамаган.
«Айримлари танишига бирор нарсани етказиб бериш ёки бир марта наркотик истеъмол қилишни тавсия этишни оддий ҳолат деб ўйлаганини айтди. Бу эса ёшларнинг жиноий жавобгарлик ҳақидаги билими етарли эмаслигини кўрсатади», — дейди у.
Вазирлик вакилининг таъкидлашича, суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганидан сўнг наркожиноят содир этган талабалар белгиланган тартибда талабалик сафидан четлатилади. Бу тартиб озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бошқа жиноятларга ҳам татбиқ этилади.
Алишер Исломовнинг сўзларига кўра, олий таълим тизимидаги айрим профессор-ўқитувчилар ҳам курьер сифатида наркожиноятга аралашиб қолган. Улар наркотик моддаларни истеъмол қилмаган бўлса-да, аммо қонунчиликда белгиланган жазога тортилган.
Биз аввалроқ БМТ ҳисоботи ҳақида ёзгандик. Унга кўра, дунёда 331 млн киши гиёҳванд моддалар истеъмол қилмоқда. Марказий Осиё ёшлари орасида бу кўрсаткич бир йилда 3 фоиздан 7 фоизгача ошган.
