Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 7 июль куни бўлиб ўтган мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Лойиҳа билан Жиноят-процессуал кодекс ҳамда «Адвокатура тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланмоқда.
Лойиҳага кўра, жиноят иши судга фақат айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга киритилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ҳимоячига дастлабки тергов ёки суриштирув якунланганидан кейин беш сутка ичида «ҳимоя фикри»ни тақдим этиш ҳуқуқи берилиши белгиланмоқда. Ҳимоя фикрида айбловга муносабат, далиллар, жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, судга чақирилиши сўралаётган шахслар ва бошқа фикрлар акс эттирилиши мумкин.
«Қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан суд жараёнларида тортишув принципи мустаҳкамланади, адвокатнинг роли ва таъсири ортади», — дейилади палата хабарида.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
