• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистондаги бозорлар ва савдо комплекслари E-bozor ягона платформаси орқали тартибга солинади


Ўзбекистондаги 300 дан ортиқ бозорлар ва савдо комплекслари E-bozor ягона рақамли платформасига уланади. Бу ҳақда ҳукуматнинг 2 июлдаги қарорида назарда тутилган.

Ҳужжатга кўра, платформада бозорлар ва савдо комплексларининг паспорти, манзили, бўш савдо ўринлари ва шохобчалари ҳақида очиқ маълумотлар жойлаштирилади. Фуқаролар бозор маъмуриятига электрон мурожаат юбориш ва жавоб олиш имкониятига эга бўлади.

У 2026 йил 1 октябргача синов тариқасида, 2027 йил 1 мартгача эса тўлиқ ишга туширилади. 1 декабргача E-bozor Адлия вазирлиги, Кадастр агентлиги ва бошқа давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинади.

Ушбу платформани жорий этиш Солиқ қўмитаси, Рақамли технологиялар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига топширилди. Платформани яратиш ва интеграция қилиш харажатлари Солиқ қўмитасининг махсус жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.

Солиқ қўмитаси платформа оператори этиб белгиланди. У коррупция ва яширин иқтисодиётнинг олдини олиш мақсадида платформани доимий такомиллаштириб боради.

Қўмита ҳар бир бозор ва савдо комплексига солиқ ходимларини бириктириб, кунлик тушумларнинг ҳаққонийлигини доимий мониторинг қилади. Шунингдек, 2026 йил 1 октябргача барча бозорларнинг ихтисослашуви, иш тартиби, савдо нуқталари ва кўрсатилаётган хизматлар ҳақидаги маълумотлар платформага киритилади.

Бундан ташқари, идорага Марказий банк билан биргаликда уч ой ичида бозор ҳудудларидаги автотураргоҳларда ягона QR код орқали тўлов қилиш имкониятини яратиш топширилди. Икки ойда эса тадбиркорлар тўлиқ онлайн назорат-касса техникалари ёки QR кодли ёрлиқлар билан таъминланиши керак.

Бозорлар ва автотураргоҳларда ўрнатилган электрон шлагбаумлар ёки бошқа қурилмалар солиқ органларининг ахборот тизимига интеграция қилиниши мажбурий бўлади. Ушбу талаб бажарилмаса, Солиқ кодексига мувофиқ жарима қўлланади.

Шунингдек, икки ой муддатда бозорлар ва савдо комплексларидаги савдо шохобчалари ва нуқталари ҳамда тадбиркорлик субъектлари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, солиқ объекти сифатида ҳисобга қўйилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *