• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Қашқадарёда канализация тизимларини қуриш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда


Қарши шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида лойиҳа қиймати 56,8 миллион доллар бўлган канализация тизимини реконструкция қилиш ва қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида бир кеча-кундузда 60 минг куб метр оқова сувни тозалаш қувватига эга иншоот барпо этиляпти. Қарийб 149 км канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, насос станцияларини модернизация қилиш ишлари олиб бориляпти.

Эътиборли жиҳати, оқова сув тозалаш иншоотида канализация сувлари қайта ишланиб, ундан биогумус брикети тайёрлаш йўлга қўйилади ва 95 фоиз юқори филтрда тозаланган оқова сув қишлоқ хўжалигига ҳам йўналтирилади.

Лойиҳани 2027 йил иккинчи чорагида тугаллаш мўлжалланган.

Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, Қарши шаҳрида ҳосил бўладиган оқова сувлар замонавий стандартлар асосида чуқур биологик тозалашдан ўтказилиши, 50 та маҳаллада оқова сув хизматлари яхшиланиши кутилмоқда.

Франция тараққиёт агентлиги маблағлари ҳисобидан яна бир йирик лойиҳа — Шаҳрисабз ва Китоб шаҳарларида канализация тизимларини кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда. Қиймати 80,3 миллион долларни ташкил этган лойиҳа доирасида Шаҳрисабз ва Китоб шаҳарларида иккита сув оқова тозалаш иншооти, 14 та насос станцияси барпо этилади. 517 километр канализация тармоқлари қурилади ва реконструкция қилинади. Бу орқали 64 та маҳалладаги оқова сув хизматлари яхшиланади. Китоб тумани марказидаги 28 минг аҳоли илк бор ушбу тизимдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

«Биринчи лойиҳамиз бу Косон, Муборак туманларининг сув таъминотини яхшилаш лойиҳамиз. Лойиҳа Саудия тараққиёти ва OPEC маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Бу тизим ичимлик сувининг тўлиқ лаборатория меъёрларига жавоб бериши, инсон омилисиз бошқарилиши, SCADA тизими, тўлиқ рақамлашган ҳолда амалга оширилмоқда. 2017 йил таъминланиш даражамиз 20,8 фоизни ташкил қилган бўлса, бугунги кунга келиб таъминланиш даражамиз 61,8 фоизга етди», — дейди «Қашқадарё сув таъминоти» АЖ раҳбари.

Бундан ташқари, Шаҳрисабз туризм марказида ҳам ташқи ичимлик ва оқова сув тармоқларини қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида бир кеча-кундузда 10 минг куб метр қувватга эга сув тозалаш иншооти, 2000 куб метр қувватли оқова сув тозалаш иншооти, 15,6 километр оқова, 27,5 километр ичимлик сув тармоқлари тортиш ишлари амалга ошириляпти.

Сортоғлари этагида, денгиз сатҳидан 1060 метр баландликда, Қорадарё бўйида ичимлик сувини тозалаш иншоотининг бунёд этилаётгани тоғ қишлоқлари аҳолисини ҳам тоза ичимлик суви билан таъминлаш имкониятини яратади.

«Резервуар қурилиш ишлари ва бирламчи тиндиргич, сувни зарарсизлантириш бўлимини қуриш ишлари бошланган. Қорадарё бўйидан сув олиниб, бирламчи тиндиргичлар орқали тиндирилиб, филтрлаш босқичидан ўтгандан кейин резервуарга ўтади. Кейин хлорлаш бўлимидан зарарсизлантирилиб, аҳолига сув етказиб берилади. Бунинг учун 27,5 километр ичимлик сув тармоқлари тортилди. Бу орқали ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли ва келажакдаги сайёҳларни тўлақонли тоза ичимлик суви билан таъминлаш имкониятига эга бўлади», — дейди корхона бўлим раҳбари.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *