Июнь ойи бошида Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги «Турон» маҳалласида жойлашган 1 ва 2-сонли уйлар ҳовлисига кутилмаганда ишчилар ва оғир техника келди. Улар аҳоли кўп йиллар аввал ўз маблағлари ҳисобидан барпо этган болалар майдончасини демонтаж қилишни бошлади. Кейинроқ маълум бўлишича, ҳокимлик ҳовлини ободонлаштириш лойиҳасини режалаштирган. Унга кўра, ҳовли марказида фаввора қуриш, сўрилар ўрнатиш ва барбекю зонаси ташкил этиш кўзда тутилган.
Аҳоли ободонлаштириш лойиҳасига қарши чиқди. Улар турли идораларга мурожаатлар йўллади, шаҳар ва мамлакат раҳбариятига видеомурожаат ёзиб, Gazeta’га ҳам мурожаат қилди. Нашр мухбири аҳоли, қурилиш компанияси вакиллари ҳамда туман ҳокимлиги масъуллари билан суҳбатлашди.
Кекса аҳоли эслашича, аввал ҳовли ҳудуди яхши парвариш қилинмаган бўлса-да, кўкаламзор бўлган. Кейин бу ерда кичик футбол майдони, тепалик, арғимчоқлар, турли тренажёрлар, ўриндиқлар, айвонлар ҳамда чиқинди қутилари пайдо бўлган. Буларнинг деярли барчасини қўшнилардан бири ўз маблағи ҳисобидан қурган. Шу боис майдонча аҳоли учун алоҳида қадрли ҳисобланади.
12 июнь куни олинган суратлар.
Ҳозирги вақтга келиб, майдончадаги жиҳозларнинг кўп қисми эскирган. Масалан, бир вақтлар одатий ҳисобланган металл арғимчоқлар бугунги кунда хавфсизлик талабларига жавоб бермайди, деб ҳисобланади. Бироқ ҳовлида деярли ҳар доим аҳоли ва ўйнаётган болаларни учратиш мумкин. Бу маҳалладаги ягона шундай майдонча бўлгани учун бу ерга атрофдаги уйларда яшовчилар ҳам келади. Тушлик вақтида ўриндиқларда яқин атрофдаги компания ва ташкилотлар ходимлари ўтиради. Шунингдек, бу ерда яқиндаги учта мактаб ўқувчилари ҳам тўпланади.
Ҳовлининг бир қисмини автомобиллар эгаллаб олган. Илгари ҳовли четида гаражлар бўлган, аммо кейинчалик улар бузилган. Аҳолига уй олдида яшил ҳудуд ташкил этиш ваъда қилинган, аммо унинг ўрнига жарима майдончаси пайдо бўлган, у эса ҳеч қачон бўш турмайди. Уйлар орасидан болалар боғчасига олиб борадиган тор кўча эса эрталаб ва кечқурун автомобиллар билан тўлиб кетади. Аҳоли фикрича, агар ҳокимлик бир неча ойдан буён реконструкция қилинаётган маҳаллада ҳақиқатан ҳам қулай муҳит яратишдан манфаатдор бўлса, бу омилларни ҳам ҳисобга олиши керак.
«Иккинчи июнь куни эрталаб аҳоли деразадан қараса, техника келган экан: экскаватор турибди, одамлар перфораторлар билан анави арғимчоқлар ва тренажёрларни бузишяпти. Биз чиқиб, улар билан тортишдик, нима бўлаётганини сўрай бошладик», — деди 1-сонли уйда яшовчи Елена Абдуллаева.
Кейинроқ майдонга ҳовлини ободонлаштириш лойиҳаси эскизлари жойлаштирилган стенд ўрнатилди. Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ҳам уларни ўзининг Telegram каналида эълон қилди. Ҳокимлик Gazeta’га аҳоли ишлар бошланишидан аввал хабардор қилинганини маълум қилди. Бироқ аҳоли лойиҳанинг тафсилотлари ўзларига маълум бўлмаганини айтмоқда.
Лойиҳа эскизларидан кўринишича, уни ишлаб чиққанлар таклиф этилаётган ечимлар аҳолига керакми-йўқми, бу ҳақда унчалик ўйламаган. Ҳовли ҳудудининг катта қисми бетон плиткалар билан қопланиши режалаштирилган бўлиб, бу иссиқ кунларда ер юзасининг янада қизишига ва уйларда яшаш шароитининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин эди. Ҳовлининг айнан марказида соябон остига (томи ҳам қизиб кетади) иккита сўри ўрнатиш, унинг ёнида барбекю зонаси, бурчак қисмида фаввора, бир нечта жойда эса айвонлар қуриш таклиф қилинган.
Болалар майдончаси учун кичик ҳудуд ажратиш, унинг ёнига воркаут тренажёрлари ўрнатиш, ҳозирги футбол майдони ўрнига янгисини қуриш режалаштирилган. Эскизларда кичик газонлар, ҳовли атрофи бўйлаб буталар ҳам акс этган (улар қандай вазифани бажариши тушунарсиз). Болалар ва футбол майдонлари ҳамда воркаут зонаси тасвирларда қуёш остида жойлаштирилган, ҳовли марказидаги ўриндиқлар ҳам шундай. Яна бир жойда вазифаси тушунарсиз бўлган бир нечта устун ўрнатиш таклиф қилинган.
1-сонли уйда яшовчи Маргарита Агаджанова таклиф этилган лойиҳани номақбул деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, ҳовлининг қоқ марказида, биринчи қаватдаги хонадонлар деразалари ёнида барбекю зонаси ташкил этилиши тутун ва шовқин туфайли аҳолига албатта ноқулайлик туғдиради. Бу фикрга Лариса Шанина ҳам қўшилди. Шунингдек, аҳолига ҳовлини зоналарга ажратиш таклифи ҳам тушунарсиз.
5 июнь куни туман ҳокими ўринбосари иштирокида ўтказилган йиғилишда далолатнома имзоланди. Унга кўра, ҳокимлик аҳоли фикрини мажбурий тарзда инобатга олган ҳолда лойиҳани қайта кўриб чиқиш мажбуриятини олди. Шу йиғилишда аҳолига таклиф этилган лойиҳани қўллаб-қувватлаган мулкдорлар рўйхати мавжудлиги ҳам маълум қилинган. Бироқ ташаббускор гуруҳ ва унинг қўшнилари бу ҳужжатни кўрмаганини айтмоқда.
Елена Абдуллаева таъкидлашича, ҳатто шундай рўйхат мавжуд бўлган тақдирда ҳам юзлаб ва минглаб одамлар манфаатига дахлдор бўлган ҳовлидаги ўзгаришлар кўпчилик оилаларнинг фикри ҳисобга олинган ҳолда тасдиқланиши керак.
«Ҳатто таклиф этилган лойиҳа асосида бу ҳудудни ободонлаштиришга розилик бериб, ҳужжатга имзо чеккан аҳоли бўлса ҳам, барча аҳолининг фикри ҳисобга олиниши керак. Бу ерда аксарият оилаларнинг фарзандлари бор», — деди Абдуллаева.
1-сонли уйда яшовчи Олим Ризаев ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлади: «Аҳолининг фикри ҳисобга олиниши керак… Майдонча ҳозиргидан яхшироқ бўлиши керак, ёмонроқ эмас».
Аҳолининг норозилигидан сўнг қурилиш ишлари тўхтатилди, қазиб олинган жиҳозлар эса ўша жойнинг ўзида қолдирилди. Болалар эса ҳамон уларнинг ёнида ўйнашда давом этмоқда.
12 июнь куни олинган суратлар.
23 июнь куни ҳовлида ишлар қайта бошланди. Class Group Builder пудратчи ташкилотида ишлар раҳбари Баҳодир Мелиев Gazeta’га дастлабки лойиҳага ўзгартиришлар киритилганини маълум қилди.
«Бу маҳалла 2024 йил ноябрь ойида „Обод маҳалла“ дастурига киритилган. Бунга қадар биз бошқа уйлар ҳовлиларида ишлаганмиз ва яқинда 1-сонли уй ҳовлиси лойиҳасини ишлаб чиққан эдик. Аҳолига у маъқул келмади, улар лойиҳани ўзгартиришни талаб қилди. Июнь ойи бошида бу ерга шахсан қурилиш масалалари бўйича ҳоким ўринбосари [Ниғмат Пўлатов] келиб, аҳолининг фикрини тинглади. Натижада барча нарса ўз ўрнида қоладиган бўлди», — деди Мелиев.
Унинг таъкидлашича, ишлардан асосий мақсад ҳудудни замонавийлаштириш ва эскирган, хавф туғдириши мумкин бўлган иншоотларни бартараф этишдан иборат.
«Одамлар ҳар 10 йилда уйларини таъмирлаб, янгилаб туради… Болалар эса бир неча йилдан бери шағал қопламали майдонда ўйнаяпти, ҳолбуки, бу сирпанчиқ ва хавфли материал», — деди ишлар раҳбари.
Ҳовлининг амалдаги ҳолатига мос келмайдиган янгиланган лойиҳа.
Янгиланган лойиҳага кўра, футбол майдонини кенгайтиришга қарор қилинган. Ҳовли марказидаги тепалик сақлаб қолинади — унинг остига резина қоплама ётқизилади, синган тахталар ва том қисми алмаштирилади. Майдончада янги ўйин жиҳозлари ва жисмоний машқлар учун тренажёрлар ўрнатилади.
7 июль куни олинган суратлар.
Бундан ташқари, суғориш тизимини тиклаш ва айвонларни янгилаш режалаштирилган. Автомобиллар тўхташ жойи сифатида бетонлаштирилган ҳудудлар яна яшил зонага айлантирилиши мумкин.

Эски ариқлар.

Автомобиллар учун эса илгари гаражлар жойлашган ҳудудда автотураргоҳ ташкил этилиши мумкин.
12 июнда олинган сурат
25 июнда олинган сурат
7 июлда олинган сурат
Автотураргоҳ рендери
Бироқ ободонлаштириш лойиҳасининг муаммоси сақланиб қолмоқда — ҳатто янгиланган кўринишда ҳам у амалдаги ҳолатга мос келмайди. Рендер ҳовлининг на ўлчамларини, на мавжуд кўкаламзорларни ҳисобга олган, у шунчаки чиройли тасвирдан иборат.
Gazeta 2021 йилда Тошкентда маҳаллаларни ободонлаштириш ишларининг кенг кўламда бошлангани ҳақида ёзган эди. Ўшанда ишчилар уйлар олдидаги панжараларни бузган, аҳоли экиб парваришлаган ўсимликларни суғуриб ташлаган, болалар майдончаларини бетонлаштирган ҳамда деярли ҳамма жойда қизил-оқ рангли бордюрлар ўрнатган.
Машҳур россиялик урбанист Аркадий Гершман ўшанда интервью бериб, ҳовлиларни ободонлаштириш бўйича қарорларни ҳокимлик эмас, балки аҳолининг ўзи қабул қилиши кераклигини тушунтирган.
«[Намунавий ободонлаштириш] — бу катта аҳмоқлик, чунки ҳовлилар ҳар хил бўлиши керак. Бундан ташқари, бу ҳокимиятнинг иши эмас — ҳовлилар аҳоли балансида бўлиши, уларни жиҳозлаш, ободонлаштириш ва сақлаш учун аҳолининг ўзи масъул бўлиши керак. Чунки уйлар бир хил лойиҳа асосида, бир вақтда қурилган бўлиши мумкин, аммо уларда турли одамлар яшайди. Ҳар кимнинг эҳтиёжи ҳар хил. Агар бир уйда яшовчиларнинг деярли барчаси автомобилчи бўлса, улар маблағ йиғиб, асфальт ётқизсин, автотураргоҳ қилсин ва шу билан яшайверсин. Агар қўшни уйда болалар ёки кексалар кўп бўлса, бир ҳолатда болалар майдончасини, иккинчи ҳолатда эса пенсионерлар учун тренажёрларни ташкил қилиш керак. Буни аҳолининг ўзи ҳал қилиши лозим. Лойиҳанинг муаллифи ҳам уларнинг ўзи бўлиши керак», — деди у.
Таҳририят Турон маҳалласидаги ҳовлида ободонлаштириш ишларининг боришини кузатишда давом этади.


