• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Чирчиқ шаҳри жамоат транспорти учун 35 та янги автобус олиб келинди


Чирчиқ шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш доирасида 35 та янги Ankai русумидаги автобус йўловчилар хизматига топширилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар қилди.

Маълум қилинишича, лойиҳа «Ziyotrans» МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда шаҳарга 35 та замонавий, экологик тоза автобус олиб келинган. Йил якунига қадар уларнинг сонини 70 тага етказиш режалаштирилган.

Янги автобуслар дастлаб қуйидаги учта йўналишда қатнайди:

  • ShI-1 — «Бўстон» санаторийси — «Янги Ўзбекистон» массиви (5-МТМ);
  • ShI-2 — «Бўстон» санаторийси — 3-кичик ноҳия;
  • ShI-3 — Мурувват маҳалласи — Озодбош қишлоғи.

Кейинги босқичда яна иккита янги автобус йўналишини ишга тушириш режалаштирилган.

Шаҳар ҳокимлигига кўра, жамоат транспортида босқичма-босқич электрон тўлов учун валидаторлар, видеокузатув тизимлари ҳамда бошқа рақамли хизматлар жорий этилади.

Қайд этилишича, бу нақд пулсиз тўловлар улушини ошириш, яширин иқтисодиёт омилларини қисқартириш ҳамда жамоат транспорти соҳасида очиқликни таъминлашга хизмат қилади.

Тақдимот маросимида Чирчиқ шаҳар ҳокими Муҳаммаджон Абдураҳимов, депутатлар, нуронийлар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди.

Вазирлик ва шаҳар ҳокимлиги маълумотларига кўра, лойиҳа Чирчиқда жамоат транспорти хизматлари сифатини яхшилаш ва шаҳар транспорт инфратузилмасини замонавийлаштиришга қаратилган.

Маълумот учун, Ankai русумли автобуслари Хитойнинг Anhui Ankai Automobile Co., Ltd компанияси томонидан ишлаб чиқарилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *