7–8 июл кунлари Беларус Республикасида «Ўзбекистон маданияти кунлари» юқори савияда ўтказилмоқда. Мазкур тадбир Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, санъат ва маданият соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков Беларус Республикаси маданият вазири Марат Марков билан учрашув ўтказди. Суҳбатда маданият, кино, театр, музей, кутубхона, маданий таълим, креатив индустрия ҳамда рақамлаштириш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар қўшма ишчи гуруҳ ташкил этиш, маданий лойиҳаларни амалга ошириш ва вазирликлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган «Йўл харитаси»ни ҳаётга татбиқ этиш муҳимлигини таъкидладилар.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Минск шаҳридаги Беларус АТ парки ҳамда А. Глебов номидаги Минск давлат амалий санъат коллежи фаолияти билан танишди. Учрашувларда маданият соҳасини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини маданий меросни муҳофаза қилиш ҳамда музей ва кутубхоналар фаолиятига кенг жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Минскдаги «Победа» кинотеатрида «Ўзбек киноси кунлари»нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда ўзбек ва беларус киноижодкорлари ўртасидаги ҳамкорлик, янги қўшма лойиҳалар ва икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларнинг аҳамияти алоҳида эътироф этилди.
Маданият кунларининг асосий тадбирларидан бири сифатида 8 июл куни Минск шаҳридаги «Республика» саройида ўзбек санъат усталари иштирокида катта концерт дастури ҳамда «Янги Ўзбекистон» фото кўргазмаси ташкил этилади. Унда миллий ва замонавий санъатнинг энг яхши намуналари беларус жамоатчилигига тақдим этилади.