«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Ўзбекистон ИИВ Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати томонидан йирик халқаро киберфирибгарлик тармоғи фаолиятига чек қўйилди.
Тезкор тадбирда Тошкент шаҳрида фаолият юритган иккита йирик колл-марказ фош этилди. Тергов маълумотларига кўра, ушбу тармоқ аъзолари Канада, Буюк Британия, Германия, Норвегия, Нидерландия, Дания ва бошқа давлатлар фуқароларини юқори даромадли инвестиция ҳамда криптовалюта лойиҳалари билан алдаб, уларнинг маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб келган.
Жиноий схемада чет тилларини яхши биладиган ёшлар, жумладан, нуфузли олий таълим муассасалари талабалари ҳам жалб қилинган. Улар ҳар куни юзлаб қўнғироқлар қилиб, ўзларини трейдер сифатида таништирган ва хорижликларни криптоактивларга инвестиция киритишга ундаган.
Тезкор тадбирлар давомида Яшнобод туманидаги бизнес марказларидан бирида жойлашган колл-марказда 97 нафар шахс, жумладан 5 нафар чет эл фуқароси аниқланди.
Яна бир колл-марказ Яккасарой туманидаги бизнес марказида фош этилди. Бу ерда 34 нафар шахс, уларнинг 3 нафари чет эл фуқароси экани маълум бўлди.
Маълум қилинишича, жиноий гуруҳ аъзолари сохта телефон рақамлари орқали хорижликлар билан боғланиб, фишинг ҳаволалари ва турли психологик усуллар ёрдамида уларни криптовалютага маблағ ўтказишга кўндирган. Колл-марказларда конспирация қоидаларига қатъий амал қилинган, ходимлар тахаллуслардан фойдаланган, биноларга кириш эса махсус қўриқчилар назоратида бўлган.
Тинтувлар чоғида жиноий фаолиятда фойдаланилган:
- 136 та компьютер;
- 90 та монитор;
- 73 та процессор;
- 53 та моноблок;
- 320 та телефон аппарати;
- 128 та қаттиқ диск;
- 175 та хотира қурилмаси;
- 2 та сейф ҳамда бошқа техник воситалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳолат юзасидан ИИВ Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти Тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, жиноий тармоққа чет эл фуқароси раҳбарлик қилган бўлиб, у 1978 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси билан ҳамкорликда ноқонуний фаолият юритган.
Ҳозирга қадар жиноий уюшманинг икки нафар раҳбари ва колл-марказлар фаолиятида асосий гумон қилинган яна 8 нафар шахс, шунингдек 10 нафар гумондор қамоққа олинган. Қолган 111 нафар шахс билан тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълум қилишича, мазкур операция нафақат йирик киберфирибгарлик тармоғини фош этиш, балки Ўзбекистон ҳудудининг халқаро кибержиноятчилар фаолият юритадиган марказга айланишининг олдини олиш ҳамда мамлакатнинг халқаро нуфузини ҳимоя қилишга қаратилган. Шу мақсадда Европа ва Шимолий Америка давлатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорлик доирасида Интерпол орқали тегишли сўровлар ҳам юборилмоқда.