Қашқадарё вилояти Муборак туманида автомобиль газ баллони портлаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси.

Ҳолат 8 июль куни соат 07:32 да А-380 Қарши-Бухоро автомобиль йўлининг 128-километрида содир бўлган. Қарши шаҳридан Бухоро вилояти томон ҳаракатланиб кетаётган 54 ёшли Ж.Ж. бошқарувидаги Nexia 2 автомашинасига ўрнатилган метан газ баллони ёрилган.

Ҳодиса оқибатида автомашинада бўлган 1 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган. Яна 2 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Ҳодиса оқибатида ёнғин содир бўлмаган. Айни вақтда суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.