4, 5 ва 7 апрель кунлари тарих фанидан навбатдаги Миллий сертификат имтиҳонлари бўлиб ўтганди. 30 апрель куни «Халқ таълими инфо» нашри ўзида мавжуд маълумотларга таяниб, имтиҳондан олдин Telegram’даги қўшилиш нархи 1000 доллар қилиб белгиланган ёпиқ гуруҳда жами 50 та савол ва уларнинг жавоби ўқиб эшиттирилганини хабар қилган.
Нашр бу 50 та саволдан 33 таси имтиҳон топширганларга тушганини қайд этган ва уларнинг рўйхатини тўлиқ келтириб ўтган.
8 май куни «Халқ таълими инфо» имтиҳондан икки кун олдин мавжуд бўлган яна бир файлни ҳам эълон қилди. Қайд этилишича, унда 72 та савол мавжуд бўлиб, уларнинг 31 таси 4, 5 ва 7 апрель кунлари ўтказилган Миллий сертификат имтиҳонларида тушган.
1 май куни имтиҳонларни ўтказишга масъул бўлган Билимни баҳолаш агентлиги биринчи эълон қилинган 33 та савол юзасидан расмий муносабат билдирган. Иккинчи файл ва ундаги 31 та мос савол юзасидан эса изоҳ берилмаган.
Агентлик саволлар ва жавоблар ўқиб эшиттирилган аудиофайлни ўрганиб чиққанини қайд этиб, тарих фанидан сертификат имтиҳонлари 4 апрель (3 смена), 5 апрель (3 смена) ва 7 апрель (2 смена) кунлари жами 8 та сменада ўтказилганини баён қилган. Бунда талабгорларга ҳар бир сменада 55 тадан тест топшириғи берилган. Ушбу имтиҳонда жами 400 тадан ортиқ тест топшириғидан фойдаланилгани айтилади.
«Аудиочатда ўқилгани айтилган тест топшириқлари апрель ойида ўтказилган имтиҳонларда фойдаланилган 400 дан ортиқ тест топшириқлари билан солиштирилганда, уларнинг 33 таси мазмунан ўхшаш экани аниқланди (сўзма-сўз бир хил эмас). Улар турли сменаларга ёйилган бўлиб, битта сменага энг кўпи билан 6 та тест топшириғи тўғри келмоқда», — дейилади муносабатда.
Шунингдек, агентликнинг ўша муносабатида ушбу имтиҳоннинг натижаларини халқаро методика — Раш модели асосида ҳисобланаётгани ҳамда имтиҳон натижаларининг классик ва замонавий тест назариялари бўйича статистик таҳлили амалга оширилаётгани ҳақида сўз борган.
«Ушбу жараён 6 май куни якунланади ва тест натижалари эълон қилинади. Шундан сўнг имтиҳон натижаларининг статистик таҳлилидан келиб чиқиб, қўшимча маълумот берилади», — дея қайд этганди ўшанда агентлик.
7 май куни агентлик имтиҳонлар натижаларининг статистик таҳлилида тестология меъёрларининг бузилиши ёки тақсимотнинг нормал тақсимотдан кескин фарқ қилиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмаганини маълум қилди.
Шунингдек, ташкилот расмий саҳифасида ушбу имтиҳонлар натижаларининг тавсиф статистикаси, баллар тақсимоти, тест вариантларининг ишончлилик коэффициенти ҳамда ўлчашнинг стандарт хатолиги бўйича маълумотлар жойланди.
Бундан ташқари, агентлик сайтига имтиҳон натижаларининг Райт хариталари, тест характеристикаси ва тест маълумоти чизиқлари бўйича инфографикалар жойлаштирилган.
Педагоглар нима деяпти?
Gazeta билан ушбу мавзуда суҳбатлашган тарих ўқитувчилари Жалол Болтаев ва Ҳусанбой Холдоровнинг таъкидлашича, 50 та саволдан 33 тасининг имтиҳон топшириқлари билан мазмунан мос келишини оддий тасодиф сифатида изоҳлаш жуда қийин.
Уларнинг фикрича, бундай ҳолатни тасодиф деб баҳолаш учун бир-биридан мутлақо мустақил икки манба тарих фанидаги жуда катта ҳажмдаги маълумотлар асосида алоҳида-алоҳида 50 тадан савол тузиши ва улардан 33 таси мазмунан бир хил чиқиши керак бўлади.
«Бунинг эҳтимоли нолга тенг. Ҳатто бир одам 400 дан ортиқ савол тузган, бошқаси эса 50 та савол тузган деб олсак ҳам, улардан 33 тасининг мазмунан мос келишини оддий тасодиф билан изоҳлаш жуда қийин», — дейди педагог Жалол Болтаев.
Жалол Болтаевнинг айтишича, у мазкур ҳолат юзасидан Билимни баҳолаш агентлиги раҳбарияти билан учрашган ва бундай даражадаги мослик назарий жиҳатдан мумкинми деган саволни бевосита берган.
«Йўқ, бу мутлақо имконсиз», — дея жавоб берилганини айтади у. Педагогларнинг таъкидлашича, агентликнинг ўзи ҳам бундай мосликларнинг тасодиф эмаслигини тан олиб турган экан, масаланинг ҳеч қандай хулосасиз «босди-босди» бўлиб кетиши на тестологик, на ҳуқуқий мантиққа тўғри келади.
Наманган кейси: педагоглар келтирган қарши мисол
Ўз позицияларини асослаш учун педагоглар 2025 йил октябрь ойида Наманган вилоятида математикадан ўтказилган Миллий сертификат имтиҳони мисолини келтирди. Ўшанда натижалар «нормал тақсимотдан кескин фарқ қилгани» сабабли бекор қилинганди.
«Эътибор беринг: натижалар „х вариант“ чиқди, деган хулоса билан эмас, айнан статистик аномалия туфайли бекор қилинган», — дейди Жалол Болтаев.
Унинг таъкидлашича, агар «аномалия кузатилди, демак, „х вариант“ чиқибди» деган мантиқ тўғри бўлганида, Вазирлар Маҳкамасининг 646-сонли қарорига мувофиқ, масала фақат бир вилоят натижаларини эмас, бутун республика натижаларини бекор қилиш даражасига чиқиши ва жиноят иши очилиши керак эди.
«Бундай бўлмади. БМБА раҳбариятидан „Намангандаги ҳолатда „х вариант“ чиққанмиди?“ деб сўраб кўринг. Улар „ҳа, „х вариант“ чиққан эди“, деб жавоб бера олмайди. Аномалиянинг мавжудлиги „х вариант“ чиққанини исботламас экан, аномалиянинг мавжуд эмаслиги ҳам „х вариант“ чиқмаганини исботлай олмайди», — дейди у.
«Агар статистикада аномал ҳолат кузатилиши „х вариант“ чиққанига далил бўлганида, математикадан „х вариант“ чиққанини расман тан олиш ва жиноят иши очиш керак бўларди. Агар аномалия „х вариант“ чиққанига далил бўлолмаса, мантиқан ҳозир ҳам уни далил қилмаслик керак-ку», — дея қўшимча қилди Жалол Болтаев.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган «Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ, тест синовлари натижалари бўйича тестология меъёрларининг бузилиш ҳолати аниқланса, агентлик тест синови натижаларини бекор қилиши лозим.
Тестология меъёрлари бузилган деб ҳисобланишига қуйидагилар асос бўлади:
- тест материаллари хавфсизлиги ва махфийлигини таъминлаш қоидалари бузилса;
- талабгорлар томонидан тест материалларини олдиндан қўлга киритиш ҳолати аниқланса;
- тест синови натижалари таҳлилига кўра тақсимот нормал тақсимотдан кескин фарқ қилса.
Бунда мазкур банднинг бешинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолат фақат айрим ҳудудларда аниқланган тақдирда, ушбу ҳудудлардаги тест синовлари натижалари бекор қилинади. Тест синови натижалари мазкур бандга мувофиқ бекор қилинган ҳолатларда талабгорларнинг хоҳишига кўра амалга оширилган тўлов миқдори қайтарилади ёки қайта тест синовлари ташкил этилади.
Педагогларнинг таъкидлашича, тақдим этилган далиллар юзасидан мустақил экспертлар иштирокида холис текширув ўтказилиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масалага аралашиши, асосий саволлар эса жавобсиз қолдирилмаслиги керак.
Шунингдек, улар қуйидаги масалалар бўйича саволларга жавоб берилишини сўрамоқда:
- 2025 йилда Наманган вилоятида математикадан Миллий сертификат имтиҳони натижалари статистик аномалия сабаб бекор қилинган эди. Демак, ўшанда «х вариант» чиққанми?
- Агар «чиқмаган» дейилса, статистик аномалия «х вариант» чиққанини исботламас экан, статистик аномалия йўқлиги «х вариант» чиқмаганини қандай исботлайди?
- БМБА раҳбарияти гарчи назарий жиҳатдан бундай мосликни «мутлақо имконсиз» деб баҳолаган бўлса-да, яна ўша савол қайта берилиши лозим: биринчи аудиофайлдаги 33 та ва иккинчи файлдаги 31 та саволнинг имтиҳондаги тест топшириқлари билан мазмунан мос келишини тасодиф сифатида баҳолаш мумкинми?
- Нега иккинчи файл ва ундаги 31 та мос савол юзасидан ҳозиргача алоҳида расмий муносабат билдирилмаган?