• Чт. Июл 16th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

АҚШ ва Эрон яна зарбалар алмашди, Трамп ўт очишни тўхтатиш режими тугаганини эълон қилди


АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Эрон ҳарбийлари томонидан Ҳeрмуз бўғозидаги кемалар ўққа тутилишига жавобан 7 июль куни АҚШ кучлари Эрон ҳудудидаги 80 дан ортиқ объектга ҳужум қилганини маълум қилди.

CENTCOM маълумотларига кўра, зарбалар Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, радиолокация станциялари, кемаларга қарши ракета мажмуалари ва ҳарбий катерларига берилган.

Бунга жавобан Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Баҳрайн ва Кувайтдаги АҚШ ҳарбий объектлари билан боғлиқ 85 та нишонга ракета ва учувчисиз учиш аппаратлари учирилганини баён қилди.

Бундан бир ойдан камроқ вақт олдин АҚШ ва Эрон урушни тугатиш ва Ҳурмуз бўғозини блоклашдан чиқаришни назарда тутувчи ўзаро англашув меморандумини имзолаганди. Ушбу давр мобайнида томонлар чекланган тарзда ўзаро зарбалар алмашиб турган бўлса-да, ҳарбий ҳаракатларнинг қайта бошланиши вазиятнинг жиддий эскалациясини англатади, деб ёзди CNN.

Дональд Трамп Анқарадаги НАТО саммитида Эрон билан тузилган ўт очишни тўхтатиш режими амалда ўз кучини йўқотганини билдирди.

«Менимча, [режим] тугади. Мен энди улар [Эрон] билан ҳеч қандай ишларга аралашишни хоҳламайман. Улар шунчаки аблаҳ, касал одамлар», — деди Трамп журналистларнинг АҚШ ва Эрон ўртасидаги янги ўзаро зарбалар алмашинуви оқибатлари ҳақидаги саволига жавоб берар экан.

У америкалик музокарачилар билан ҳали гаплашиб олишини, бироқ унинг фикрича, бундан кейинги музокаралар шунчаки «вақтни беҳуда сарфлаш» эканини қўшимча қилди.

Британия денгиз савдоси агентлигининг маълумотларига кўра, сешанба куни Ҳурмуз бўғозида иккита танкерга, душанба куни эса яна битта танкерга ҳужум қилинган. Теҳрон ушбу ҳужумлар учун масъулиятни ўз зиммасига олмади, аммо АҚШ расмийларининг ўқ отиш Эрон томонидан амалга оширилганига ишончи комил.

АҚШ Молия вазирлиги ушбу ҳужумлардан сўнг Эрон нефтини сотишга рухсат берувчи аввалроқ берилган лицензияни қайтариб олди.

Эрон ТИВ, ўз навбатида, сўнгги ҳарбий эскалация учун масъулиятни АҚШ зиммасига юклади ва Вашингтонни «шартномани бузиш»да айблади.

АҚШнинг Эронга берган зарбалари, Эрон нефтига қарши қайтадан санкциялар жорий этиш қарори ҳамда Ливанда давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар «урушни тугатиш тўғрисидаги келишувнинг муҳим ва фундаментал қоидаларини йўққа чиқарди», дея баёнот берди ташқи сиёсат маҳкамаси.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *