Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси яқинлашиб келаётган аномал иссиқлик тўлқини муносабати билан фуқаролар ва давлат ташкилотлари учун тавсияларини эълон қилди.
Ўзгидромет маълумотларига кўра, 13−17 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Кундузи ҳаво ҳарорати +41…+43 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида эса +44…+46 даражагача кўтарилади.
Қўмита яшил майдонлар ва ҳайвонларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўришга чақирди.
«Аномал иссиқ ҳаво инсонлар билан бир қаторда, мамлакатимиздаги яшил ҳудудлар, дарахтлар, буталар ва ҳайвонот дунёси учун ҳам жиддий хавф туғдиради. Дарахтларнинг қуриб қолиши, яшил ҳудудларнинг зарарланиши ҳамда сув танқислиги экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — дея таъкидлади идора ва эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилишга чақирди.
Фуқаролар учун тавсиялар
- Куннинг энг иссиқ вақтида — соат 11:00 дан 17:00 гача имкон қадар очиқ ҳавода бўлмаслик.
- Етарли миқдорда сув истеъмол қилиш, оч рангли енгил кийимлар кийиш ва тўғридан тўғри тушадиган қуёш нурларидан ҳимояланиш.
- Болалар, кексалар ва соғлиғида муаммоси бор шахсларга алоҳида эътибор қаратиш.
- Ўрмонлар, дам олиш масканлари ва бошқа яшил ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш, очиқ олов ёқмаслик ва тез алангаланувчи чиқиндиларни қолдирмаслик.
- Ҳовли ва маҳаллаларда қаровсиз қолган дарахтларга бефарқ бўлмаслик, уларни қуриб қолишдан асраш чораларини кўриш.
- Ҳовли ва маҳаллалардаги дарахт ҳамда буталарни эрта тонгда ёки кечқурун мунтазам суғориш, намликни сақлаб қолиш учун илдиз атрофидаги тупроқни юмшатиш ва имкон қадар органик қопламадан фойдаланиш.
- Дарахтлар ва бошқа яшил ҳудудларга зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилиш.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, коммунал хизматлар, маҳаллалар, корхона, ташкилот ва бошқа масъул тузилмаларга тавсиялар:
- Аҳоли пунктларидаги дарахтлар, буталар, гулзорлар ва бошқа яшил майдонларнинг ҳолатини мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш.
- Юқори ҳарорат шароитида дарахт ва кўчатларни агротехника талаблари ҳамда тасдиқланган графикларга мувофиқ тизимли ва ўз вақтида суғоришни ташкил этиш.
- Суғориш тармоқлари, ариқлар ва сув таъминоти инфратузилмасининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, шунингдек, юзага келган носозликларни тезкорлик билан бартараф этиш.
- Яқинда экилган кўчатларни ҳамда қуриб қолиш хавфи юқори бўлган яшил ҳудудларни алоҳида назоратга олиш, уларга қўшимча парвариш ташкил этиш.
- Томчилатиб суғориш ва бошқа сув тежовчи технологияларни босқичма-босқич жорий этган ҳолда, сув ресурсларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш.
- Қурилиш ва ишлаб чиқариш объектлари яқинида жойлашган дарахтларни қурилиш чанглари таъсиридан ҳимоя қилиш, зарурат туғилганда, уларнинг баргларини сув билан ювиш ва илдиз тизимига сув эркин етиб боришини таъминлаш.
- Ҳайвонот дунёси, айниқса, ёввойи ҳайвонлар ва қушлар учун сув манбаларини сақлаб қолиш, табиий ҳудудларда ёнғинларнинг олдини олиш ва табиат объектларини муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш.
