Ўзбекистонда темир руда захираси 1,5 млрд тонна деб баҳоланмоқда. Ҳукумат металлургия учун маҳаллий хомашё базасини кенгайтириш, конларни ўзлаштиришни жадаллаштириш ва чоксиз қувурлар ишлаб чиқаришни ҳам ўз ичига олган янги ишлаб чиқариш қувватларини йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 13 июль куни президент Шавкат Мирзиёев қора металлургия соҳасини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, «Сурун-ота» конидан йилига 650 минг тонна темир хомашёсини олиш бўйича хитойлик ҳамкорлар билан келишувга эришилган. Ушбу кондан темир концентрати 2027 йилдан бошлаб комбинатга («Ўзметкомбинат») етказиб берилиши шартлиги белгиланди.
Бундан ташқари, «Тебинбулоқ» конини уч-тўрт йилда ишга тушириш орқали йилига 1 миллион тонна пўлат ишлаб чиқариш имкони яратилади (аввал Тебинбулоқ кон-металлургия комбинати қурилиши билан тадбиркор Бахтиёр Фазиловга алоқадор Saneg ENERA таркибига кирувчи Triangul Metals Tebinbulak компанияси шуғулланган).
Тожикистондан йилига 700 минг тонна темир хомашёсини сотиб олиш бўйича меморандум имзолангани қайд этилиб (дастлаб 300 минг тонна хомашё сотиб олиш ҳақида хабар берилган), тез фурсатда шартномани расмийлаштириш ва келгуси йилдан хомашё олиб келишни бошлаш вазифаси қўйилди.
Металлургия соҳасидаги йирик хусусий корхоналар ҳам геология-қидирув ишлари, конлардан хомашё қазиб олиш ва тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ технологик занжирни ташкил этишга тайёр экани таъкидланди. Самарқанддаги корхона темир кони берилса, хомашё қазиб олишга 500 миллион долларгача сармоя киритиш ташаббусини билдирган.
Бекобод металлургия комбинати эса хомашё базасини кенгайтириш учун Форишдаги 32 миллион тонна темир ресурсига эга «Темиркон»ни ўзлаштиришни сўраган. Президент бунинг учун шароит яратиш юзасидан топшириқлар берди.
Тошкент вилояти, Самарқанд ва Сурхондарёда ҳам темир захиралари борлиги прогноз қилинмоқда. Мутасаддиларга ушбу майдонларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиб, бир ойда темир ва уни бойитишга зарур минераллар захирасини кўпайтириш бўйича геология дастурини киритиш топширилди.
Хусусий корхоналарни хомашё билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Металлургия соҳасида 150 га яқин ўрта ва кичик хусусий корхоналар фаолият юритмоқда. Хусусий корхоналарни хомашё билан барқарор таъминлаш мақсадида четдан хомашёни марказлашган ҳолда олиб келиш бўйича алоҳида компания ташкил этилади. Ушбу компанияга 200 миллион доллар ажратилади, импорт хомашё фақат биржа орқали сотилади.
Йиғилишда металл маҳсулотлари ассортиментини кўпайтириш ҳам муҳокама қилинди. Биргина чоксиз қувурга мамлакатда 280 миллион долларлик талаб бор. Асосий савдо ҳамкорлар ҳам йилига 1,5 миллиард долларлик шундай маҳсулот импорт қилмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, чоксиз қувур ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш учун 275 миллион доллар инвестиция талаб этилади. Бу орқали йилига 450 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, шундан 170 миллион долларлик қисмини экспортга йўналтириш мумкин.
Мутасаддиларга уч ойда чоксиз қувур, совуқ прокат, метални 3D усулда босиб чиқариш ва юқори аниқликда ишлов бериш бўйича лойиҳалар пакетини тайёрлаб, ишни бошлаш топширилди.
Бундан ташқари, ишга туширилган қуюв-прокатлаш мажмуаси ҳисобига автомобилсозлик, махсус транспорт, технологик ускуналар, маиший ва қишлоқ хўжалиги техникалари, қурилиш материаллари соҳаларида 1,5 миллиард долларлик маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш имконияти яратилмоқда.
Президент Бекобод металлургия комбинати импорт хомашёга юқори даражада боғлиқлигига эътибор қаратди: у металл прокатнинг 40 фоизини иккиламчи металдан, 60 фоизини импорт ҳисобидан ишлаб чиқармоқда. Республика бўйича ҳар йили 700 минг тонна қора металлолом комбинатга топширилаётган бўлса-да, яна 500 минг тонна металлолом хуфиёна айланмада қолмоқда.
Шубоис, қора металл айланмаси билан боғлиқ барча жараёнлар электрон платформа орқали реал вақт режимида мониторинг қилинади. Мутасаддиларга 1 августдан E-lom электрон платформасини ишга тушириб, қора металл айланмасини назоратга олиш топширилди. Бундан ташқари, қора металлургия саноатида соғлом рақобат муҳити ванарх барқарорлигини таъминлаш, соҳада таъсирчан назорат механизмларини ўрнатиш учун ҳукуматда алоҳида лойиҳа офиси ташкил этилади.