«Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари» филиали ҳаво ҳароратининг кўтарилиши фонида пойтахтнинг айрим туманларида электр энергиясида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
«Республика ҳудудида кузатилаётган жазирама об-ҳаво шароити сабабли электр энергияси истеъмоли кескин ортиши кутилмоқда. Юқори юклама натижасида Тошкент шаҳри электр тармоқларининг айрим ҳудудларида қисқа муддатли электр таъминотидаги узилишлар ҳамда авариявий ўчиришлар юзага келиши эҳтимолдан холи эмас», — дейилади хабарда.
«Мутахассислар томонидан электр тармоқлари ва ускуналарининг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни имкон қадар тезкор бартараф этиш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда», — дея қўшимча қилинган хабарда.
Ташкилот фуқароларни электр энергиясидан «оқилона ва тежамкор» фойдаланишга, шунингдек, «юзага келиши мумкин бўлган вақтинчалик ноқулайликларни тўғри тушунишга» чақирди.
Июль ойи бошида Тошкентда электр энергиясидаги авариявий узилишлар сабабларини текширувчи махсус комиссия ўз иш фаолиятини бошлаган эди.
