• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Зангиотада солиқ инспектори, Бувайдада электр таъминоти корхонаси муҳандиси пора билан ушланди


Тошкент вилояти Зангиота туманида солиқ инспектори ва Фарғона вилояти Бувайда туманида электр таъминоти корхонаси муҳандиси пора олишда гумонланиб ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, Зангиота туманидаги халқ орасида «Чинни бозор» номи билан танилган «Хўжалик моллари ва ҳунармандлар савдо комплекси»да фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор дўконида солиқ текшируви ўтказилган.

Текширув давомида тадбиркор савдо тушумларини мобил иловалар орқали шахсий банк картасига қабул қилиб, уларни якка тартибдаги тадбиркор ҳисоб рақамига кирим қилмагани аниқланган.

ДХХ маълумотига кўра, Зангиота тумани солиқ инспекцияси бош инспектори тадбиркорга 160 млн сўм жарима қўлланилишини айтган ҳамда ушбу жаримани бартараф этиб бериш эвазига 1000 доллар талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда солиқ инспекторининг топшириғи билан тадбиркордан ушбу пулни олган воситачи ашёвий далиллар билан ушланган.

Яна бир ҳолат Фарғона вилоятининг Бувайда туманида қайд этилган.

Маълум қилинишича, Бувайда тумани электр таъминоти корхонаси муҳандиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, қуёш панеллари ўрнатиш билан шуғулланувчи тадбиркордан ноқонуний равишда 1000 доллар олган вақтида ушланган.

Аниқланишича, муҳандис ўз ҳудудида қуёш панеллари ўрнатиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектларни мижоз сифатида тадбиркорга йўналтириш, панелларни ўрнатиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва техник шарт олиб бериш эвазига жами 5000 доллар талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда муҳандис поранинг бир қисми сифатида 1000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқанд вилояти Жомбой тумани экология бўлими бошлиғи 150 туп терак кесилиши бўйича чора кўрмаслик, табиатга етказилган зарарни камайтириш ва автомобилни жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига 11 млн сўмлик компьютер олган вақтида ушланганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *