Рақобат қўмитасига «Food City Tashkent» МЧЖ ҳудудида муз маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркор мурожаат қилиб, бозор маъмурияти томонидан сунъий тўсиқлар яратилаётганини маълум қилди.
Мурожаатда қайд этилишича, бозор ҳудудига қадоқланган ва қадоқланмаган муз маҳсулотларини олиб кириш учун тўлов бир неча баробар оширилиб, бир кунлик йиғим 737 минг сўм этиб белгиланган. Тадбиркор бу орқали уни бозордан сиқиб чиқаришга уриниш бўлаётганини билдирган.
Қўмита мурожаатда келтирилган ҳолатлар юзасидан ўрганиш ўтказиб, бозор маъмуриятига расмий сўров юборди. Ишни кўриб чиқиш жараёнида томонлар ўртасида мулоқот ташкил этилди.
Ўтказилган музокаралар натижасида «Food City Tashkent» МЧЖ ва тадбиркор ўртасида келишувга эришилди. Натижада мурожаатда кўтарилган муаммо ижобий ҳал қилиниб, муз маҳсулотларини бозор ҳудудига олиб кириш учун асоссиз оширилган тўлов миқдори бекор қилинди.
Рақобат қўмитаси мазкур ҳолат орқали тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши ва рақобат муҳитини таъминлаш чоралари изчил давом эттирилишини таъкидлади.
Қўмита мулкчилик шаклидан қатъи назар, устун музокара кучига эга барча хўжалик юритувчи субъектларни қонун талабларига қатъий риоя қилишга чақирди.
«Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ, битим шартлари, товар сотиладиган ҳудуд ёки нархни бир томонлама белгилаш имконияти устун музокара кучи сифатида баҳоланади. Ушбу имкониятни суиистеъмол қилиш эса қонунчиликда белгиланган тартибда молиявий санкциялар қўлланилишига асос бўлади.