1 августдан Ўзбекистоннинг фуқаролик ишлари бўйича судларида меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судьялар фаолият юрита бошлайди. Бу ҳақдаги тегишли қарор Ўзбекистон Олий суди раёсати томонидан қабул қилинди.
Ихтисослашган судьялар судларнинг амалдаги штат бирликлари доирасида фаолият кўрсатади.
Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида меҳнат низоларини тўрт нафар судья кўриб чиқади. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳри судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатларида эса уч нафардан судья.
Олий суд.
Бундан ташқари, ҳудудлардаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро ва шаҳар судларида ҳам ихтисослашган судьялар иши ташкил этилади.
Нукус, Бухоро, Жиззах, Қарши, Кармана, Наманган, Термиз, Фарғона ва Урганч туманлараро судларида, шунингдек, Самарқанд шаҳар судида икки нафардан судья фаолият юритади.
Тошкент вилоятида Оҳангарон туманлараро судида икки нафардан, Ўрта Чирчиқ ва Янгийўл туманлараро судларида эса бир нафардан ихтисослаштирилган судья ишлайди.
Тошкент шаҳрида меҳнат низоларига ихтисослашган икки нафардан судья Мирзо Улуғбек, Миробод, Шайхонтоҳур, Учтепа ва Яккасарой туманлараро судларида фаолият кўрсатади.
Каттақўрғон туманлараро судида бир нафар ихтисослашган судья ишлаши кўзда тутилган.
Судларга 1 августдан кейин келиб тушадиган меҳнат низолари бўйича аризалар ихтисослашган судьялар ўртасида тақсимланади. 31 июль куни ва унгача келиб тушган, жумладан, аллақачон иш юритувига қабул қилинган ишлар эса аввалги тартибда кўрилади.
