13 июль куни Ўзбекистонда ёзги электр энергияси истеъмоли бўйича янги рекорд қайд этилиб, суткалик электр энергияси истеъмоли 278,6 млн кВт/соатга етди. Бу ўтган ёзги мавсумда қайд этилган энг юқори кўрсаткичдан 6 млн кВт/соатга ёки 2,2 фоизга кўп, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги.
Шу куни суткалик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 281,5 млн кВт/соатни ташкил этди.
Аввалги ёзги рекорд 2025 йил 18 июль куни қайд этилган бўлиб, ўшанда республикада электр энергиясининг суткалик истеъмоли 272,6 млн кВт/соатни ташкил этган. Ўша куни ҳаво ҳарорати марказий ҳудудларда +40 даражагача, чўлли ҳудудларда эса +42…44 даражагача кўтарилган бўлиб, жорий йилнинг 13 июлида ҳам худди шундай ҳарорат кузатилди.
Синоптиклар прогнозларига кўра, юқори ҳарорат яқин кунларда сақланиб қолади. Энергетика вазирлиги электр энергияси истеъмоли ва тизим юкламаси бўйича янги рекорд кўрсаткичлар қайд этилишини кутмоқда.
Юқори истеъмол даврида электр таъминотининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида энергетика корхоналари томонидан кучайтирилган иш режими жорий этилган. Ҳудудларда навбатчилик асосида фаолият юритувчи махсус авария-таъмирлаш бригадалари электр тармоқларида юзага келиши мумкин бўлган носозликларни қисқа муддатларда бартараф этиш чораларини кўрмоқда.
Идора айрим ҳудудларда электр тармоқларида юзага келаётган техник носозликлар сабабли электр таъминотида вақтинчалик узилишлар кузатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Энергетика вазирлиги барча истеъмолчилардан электр энергиясидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишни сўради.
Ўтган йил октябрида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон тўлиқ электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга эканини ва қишда чекловлар кутилмаётганини (фавқулодда вазиятлардан ташқари) айтганди. Унинг таъкидлашича, асосий муаммолар 35 фоизи 40 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаётган электр тармоғининг эскириши билан боғлиқ.
