Сурхондарё вилоятида кузатилаётган ўта иссиқ об-ҳаво шароитида автомобиль йўллари қопламасини сақлаш ҳамда уларнинг муддатидан олдин шикастланишининг олдини олиш мақсадида оғир юк автомобиллари ҳаракатига вақтинча чеклов жорий этилади, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Гидрометеорология хизмати маълумотларига кўра, вилоятда кундузи ҳаво ҳарорати 42−44 даражагача, айрим ҳудудларда эса ундан ҳам юқори даражага кўтарилмоқда.
«Бундай шароитда асфальтобетон қопламаси ҳарорати 70−80°С гача етиб, қопламанинг юк кўтариш қобилияти пасаяди. Натижада оғир юк автомобиллари ҳаракати таъсирида йўл қопламасида ғилдирак излари, деформация ва бошқа техник нуқсонлар юзага келиши мумкин», — дейилади хабарда.
Шу муносабат билан, Термиз шаҳри, туман марказлари ҳамда уларни боғловчи умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида оғир юк автомобилларининг ҳаракати ҳар куни соат 10:00 дан 19:00 гача вақтинча чекланади.
Ҳайдовчилар, юк ташувчи корхона ва ташкилотлардан мазкур чекловларга қатъий риоя қилишлари, юк ташиш вақтларини белгиланган тартиб асосида режалаштиришлари сўралмоқда.
Ўзгидромет аввалроқ ҳарорат кўтарилиши ҳақида огоҳлантирганди.
Ушбу хабарлар фонида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимлиги мурожаат билан чиқди. Улар дарахтларни суғориш, ҳайвонларга ғамхўрлик қилиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этишни тавсия қилди.
Пойтахтда, шунингдек, жазирама иссиқ туфайли айрим кўчаларга сув сепиш ва дарахтларни суғориш ишлари бошланди.
