1 июль ҳолатига кўра, номига кредит расмийлаштиришга тақиқ қўйиш имконини берувчи «Кредит тақиқи» хизматини Ўзбекистоннинг 2,57 миллиондан ортиқ аҳолиси фаоллаштирган. Бу ҳақда Кредит-ахборот таҳлилий маркази (КАТМ) маълум қилди.
Бир йил ичида ўз-ўзига тақиқ ўрнатиш хизматидан фойдаланувчилар сони 77 баробардан зиёд ўсди. 2025 йил 1 июль ҳолатига кўра, ушбу хизматдан 33,1 минг киши фойдаланган бўлса, 1 октябрга келиб бу кўрсаткич 149,5 мингни, 2026 йил 1 январга келиб 438,3 мингни ташкил этганди. 1 апрелга келиб фойдаланувчилар сони 2 млн 208 мингтага, 1 июлга келиб эса 2 млн 574 мингтага етган.
Ўз ўзига тақиқ ўрнатганларнинг аксарияти эркаклардир: деярли 1,5 миллион киши ёки 58 фоиз. Аёллар эса 1,08 миллион фойдаланувчини ёки 42 фоизни ташкил этади.
Фойдаланувчиларнинг энг катта гуруҳи, яъни 30 фоизи 26−35 ёшдаги фуқаролар — 764 943 киши. Кейинги ўринларни 26 ёшгача бўлганлар — 647 651 (25 фоиз), 36−45 ёшлилар — 609 665 (24 фоиз), 46−55 ёшлилар — 319 354 (12 фоиз) ва 56 ёшдан катталар — 232 413 киши (9 фоиз) эгаллаган.
Кредит олишни ихтиёрий равишда ўз ўзига тақиқлаш хизмати 2025 йил 6 июндан ишга тушган. У кредит шартномаси тузиши тақиқланган шахслар реестрига фуқаро ҳақидаги маълумотларни киритиш ёки ундан чиқариш имконини беради. Бундай чора президент томонидан 4 мартда имзоланган қонун доирасида жорий этилган бўлиб, фуқароларни уларнинг хабарисиз фирибгарлик йўли билан кредит расмийлаштирилиши ҳолатларидан ҳимоя қилишга қаратилган.
Gazeta аввалроқ 2023 йилда 2790 нафар фуқаронинг номига уларнинг хабарисиз 19 миллиард сўмлик кредитлар расмийлаштирилгани, 2024 йилнинг саккиз ойида бўлса 874 нафар жисмоний шахс жабр кўргани ва уларга 36,6 миллиард сўм ажратилгани ҳақида ёзганди.
Ушбу тақиқ хизматини КАТМ мобил иловаси, кредит бюроси сайтидаги шахсий кабинет, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва унинг мобил иловаси, шунингдек, Давлат хизматлари марказлари ҳамда кредит бюросига шахсан мурожаат қилиш орқали фаоллаштириш мумкин.
Бундай тақиқни давлат хизматлари портали, унинг мобил иловаси, Давлат хизматлари марказлари ёки бевосита КАТМ орқали бекор қилиш мумкин. Хизмат бепул тақдим этилади.
