14 июль куни Жиноят ишлари бўйича Бўка тумани судида 2025 йил сентябрь ойида Тошкент вилоятидаги бир неча туманларда боғча тарбияланувчилари заҳарланганига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни тугади. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар қилди.
Суд ҳукмига мувофиқ, 11 нафар судланувчи Жиноят кодексининг 257−1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.
3,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганлар:
- Р.О. (эркак, 1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ директори);
- А.С. (эркак, 1987 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ бош технологи);
- Р.Х. (эркак, 1982 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ технологи).
3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганлар:
- С.С. (эркак, 1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ таъсисчиси ва сотув бўлими менежери);
- Ф.О. (эркак, 1990 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ таъсисчиси ва директори ўринбосари);
- М.Н. (эркак, 1991 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ технологи ёрдамчиси).
3 йил муддатга озодлиги чекланганлар:
- Ж.Х. (эркак, 1993 йилда Бухоро вилоятида туғилган, Governess Business МЧЖ директори),
- И.С. (эркак, 2000 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, Innavation Outsourcing Servise МЧЖ директори),
- Б.Р. (эркак, 1992 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, Nishon invest МЧЖ директори),
- Ф.Д. (эркак, 1993 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Kinder Garden Group МЧЖ директори),
- Д.Қ. (аёл, 1997 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Shark Milk Product МЧЖ лаборанти).
Суд ҳукми билан, судланувчиларга Жиноят кодексининг 45-моддасига асосан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш белгиланди.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент вилоят судининг апелляция/кассация инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинди.
Тафсилотлар
Айблов материалларига кўра, юқорида номи тилга олинганлар Пискент, Оққўрғон, Бўка, Қуйи Чирчиқ ва Бекобод туманларида жойлашган жами 123 та боғчага аутсорсинг хизматини кўрсатувчи, сут ва бошқа маҳсулотлари билан таъминловчи компаниялар мансабдорлари ва бошқалар билан ўзларида ишлаб чиқарилаётган сут ва сут маҳсулотларини боғчалар тарбияланувчиларини истеъмолига киритиш мақсадида олдиндан жиноий тил бириктирган. Улар бир гуруҳ бўлиб, сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариб, ушбу маҳсулотларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузган.
2025 йил 25 сентябрь куни эрталаб боғча тарбияланувчилари заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилгани маълум бўлган. Ўша куни кечқурун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги шифохоналарда 109 нафар бола борлигини хабар қилган. Кейинчалик вилоят тиббиёт муассасаларига заҳарланиш шикояти билан 1922 нафар бола мурожаат қилгани аён бўлган.
Терговнинг дастлабки натижаларига кўра, заҳарланишга Shark Milk Product компаниясининг кефир маҳсулоти сабаб бўлган. Вилоятнинг Бўка, Пискент, Бекобод, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги боғчаларга учта аутсорсинг компанияси хизмат кўрсатган. Уларнинг барчаси сут-қатиқ маҳсулотларини Shark Milk Product`дан сотиб олган.
Пискент тумани учун Governess Business, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманлари учун Nishon Invest, Бўка тумани учун эса Innavation Outsourcing Service аутсорсинг компаниялари масъул бўлган.
Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси 25 сентябрь куни Жиноят кодексининг 257−1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатганди.
Ҳодисадан бироз олдин, 16 сентябрь куни Kun.uz давлат боғчаларида овқатланишни аутсорсинг асосида ташкил этиш тизими бўйича суриштирув эълон қилганди. Унда тадбиркорлар тендерлар ўтказишда юзага келиши мумкин бўлган коррупцион схемалар ҳақида маълум қилишган.
Шунга ўхшаш оммавий заҳарланиш ҳолати 2021 йилда Оққўрғон туманида ҳам юз берган бўлиб, ўшанда 25 нафар бола жабрланганди. Ўша пайтда жиноят иши Бош прокуратура назоратида экани хабар қилинган, бироқ натижалар очиқланмаган.
Shark Milk Product (савдо белгиси — Royal Milk) ўша вақтда ҳам Оққўрғон тумани мактабгача таълим бўлимига сут маҳсулотлари етказиб берган. Заҳарланиш айнан ушбу компания маҳсулотлари билан боғлиқ бўлганми ёки йўқ — номаълум. Ўша даврда компаниянинг ягона таъсисчиси Фазлиддин Фарҳодович Омонов бўлган.
