2026 йилнинг иккинчи чорагида (апрель-июнь ойлари) Ўзбекистонда чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш билан боғлиқ 1548 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, қоидабузарликларнинг 354 таси транспорт воситалари, 1194 таси эса фуқаролар томонидан содир этилган.

Ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда. Жаримага тортилганлар улуши 16,9 фоизни ташкил этган.
Агентлик маълумотига кўра, кузатув камералари орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича қўлланилган жарималарнинг умумий суммаси 123 млн 394 минг сўмга етган.
Қайд этилишича, ҳозирда республиканинг деярли барча ҳудудларида жами 700 дан ортиқ онлайн кузатув камераси ўрнатилган. Улар орқали нафақат чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш, балки бошқа турдаги экологик ҳуқуқбузарликлар ҳам аниқланиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.
Маълумот ўрнида, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача (412 минг сўмдан 1,236 млн сўмгача), мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 бараваригача (4,12 млн сўмдан 8,24 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача (2,06 млн сўмдан 4,12 млн сўмгача), мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача (8,24 млн сўмдан 12,36 млн сўмгача) миқдорда жарима солинади.
Эслатиб ўтамиз, январь-март ойларида Ўзбекистонда онлайн камералар орқали чиқиндиларни ноқонуний ташлаш бўйича 2107 та ҳолат аниқланган эди.


