Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Варганза маҳалласида бир оиланинг уч нафар аъзосида қутуриш касаллиги аниқлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур маълумотга расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 10 июль куни Китоб туманида яшовчи 1979 йилда туғилган фуқаро хавфли юқумли касаллик гумони билан шифохонага ётқизилган.

Эпидемиологик суриштирув давомида беморни тахминан бир ой аввал тулки боласи тирнагани аниқланган. Фуқаро 11 июль куни вафот этган. Ҳозирда марҳумнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Шунингдек, ушбу ҳудудда яшовчи уч нафар фуқаро эҳтиёт чораси сифатида тиббий кўрикдан ўтказилган. Уларда қутуриш касаллигининг клиник белгилари аниқланмаган. Айни пайтда ушбу фуқаролар шифокорлар назоратига олинган бўлиб, уларга зарур профилактик эмлаш тадбирлари ўтказилмоқда.

Қайд этилишича, Китоб туманида Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда ветеринария мутахассислари ҳамкорлигида эпидемиологик вазият тўлиқ назоратга олинган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси фуқаролардан асоссиз хавотирга берилмасликни, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан эса текширилмаган маълумотларни тарқатмасликни сўради.