• Ср. Авг 19th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда пенсияни ҳисоблаш тартибини ўзгартириш таклиф этилмоқда


Ўзбекистонда пенсияни ҳисоблаш тартибини ўзгартириш, жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларининг ролини ошириш ҳамда хусусий ва корпоратив пенсия тизимларини яратиш режалаштирилмоқда. Бу бўйича таклифлар 14 июль, сешанба куни президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди.

Президент администрацияси маълумотларига кўра, ўн йилда мамлакатда пенсия миқдори 3,3 баробар оширилди, унинг энг кам миқдори минимал истеъмол харажатлари даражасидан юқори белгиланди. 2021 йилгача 1,1 миллион нафар фуқаронинг пенсияси 400 минг сўмдан кам бўлган. Бугунги кунда энг кам пенсия миқдори 878 минг сўмни, минимал истеъмол харажатлари эса 715 минг сўмни ташкил этмоқда.

Тақдимотда жамғариб бориладиган пенсия тизими ривожланган мамлакатларда пенсия маблағлари иқтисодиёт учун узоқ муддатли ресурс вазифасини ўтаётгани қайд этилди. Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда пенсия тизими тўғри йўлга қўйилса, иқтисодиётга узоқ муддатли маблағларни жалб қилиш мумкин. Буни Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ҳам тасдиқламоқда.

Шу боис пенсия тизимини илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш, жамғариб бориладиган, хусусий ва корпоратив пенсия тизимларини ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Ҳозирда фуқаролар иш ҳақининг 0,1 фоизи жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказилади. Тақдимотда қайд этилганидек, ушбу маблағларга ҳисобланадиган йиллик 10 фоизлик даромад банк омонатларидан қарийб икки баробар кам.

Шу муносабат билан мазкур тизимнинг жозибадорлигини ошириш ва аҳолини унда фаол иштирок этишга рағбатлантириш бўйича янги механизмлар таклиф қилинди.

Хусусан, ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмгача (пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 баравари) бўлган фуқаро жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига иш ҳақининг 5 фоизини ўтказса, давлат томонидан қўшимча яна 2,5 фоиз миқдорида маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.

Ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмдан юқори бўлган фуқаролар учун эса тўланган ижтимоий солиқнинг шу миқдордан ошган қисмининг 1 фоизини уларнинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказиш таклиф этилди.

Бундан ташқари, ҳукумат пенсия миқдорини ҳисоблаш тартибини такомиллаштиришни ҳам режалаштирмоқда. Амалда пенсия охирги ўн йиллик меҳнат фаолиятидаги беш йиллик иш ҳақидан ҳисобланади. Шунингдек, иш ҳақининг 6 миллион сўмдан юқори қисми ҳисобга олинмайди.

Пенсия ҳисобланадиган иш ҳақи даврини 5 йилдан 20 йилгача узайтириш ҳамда паст даромад олинган айрим даврларни ҳисобдан чиқариш таклиф қилинди.

Шунингдек, 2027 йилдан бошлаб пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегарасини ҳозирги 6 миллион сўмдан 6,6 миллион сўмга ошириш кўзда тутилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, янги тартиб асосида пенсияга чиқадиган фуқароларнинг пенсия миқдори ҳозиргига нисбатан 8 фоизга оширилиши мумкин.

Шавкат Мирзиёев пенсия тизимидаги ўзгаришлар миллионлаб фуқароларнинг ҳаёти ва келажагига дахлдор эканини таъкидлаб, ҳар бир таклифнинг ижтимоий ва иқтисодий таъсирини пухта ҳисоб-китоб қилиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Бундай масалаларни аҳоли, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ва блогерларни жалб қилган ҳолда очиқ муҳокама қилиш, ислоҳотларнинг мақсади ва кутилаётган натижаларини фуқароларга аниқ тушунтириш вазифаси қўйилди.

Мутасаддиларга хорижий тажрибани ҳар томонлама пухта ўрганиб, хусусий ва корпоратив пенсия тизимларини яратиш бўйича қонун лойиҳасини киритиш вазифаси қўйилди.

Шу йилнинг февралида Ўзбекистонда ҳар ойлик чегирмаларни пенсиянинг 50 фоизидан оширмаслик ва чегирма қўллангандан сўнг даромадни камбағаллик чегарасидан паст туширмаслик режалаштирилаётгани маълум қилинганди. Шунингдек, пенсия ёшига етган фуқароларга жамғарма ҳисобларидан маблағларни бериш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, мамлакатда пенсия ёши чегарасини эркаклар учун 60 ёшдан 63 ёшгача, аёллар учун 55 ёшдан 58 ёшгача босқичма-босқич ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда. Пенсия жамғармаси вакилининг маълум қилишича, ёш чегарасини оширишнинг иккита варианти муҳокама қилинмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *